Ўзбекистон | 13:16 / 04.08.2022
8259
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органларининг маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдорлик тартиби белгиланмоқда

Фото: Senat.uz

Сенат 29-ялпи мажлисида “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунларга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари, улар ўринбосарлари ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби жорий қилинмоқда.

Шу билан бирга, туман, шаҳар ички ишлар бўлинмалари бошлиқлари – ҳар чоракда ва улар ўринбосарлари – ҳар ойда, маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари профилактика катта инспекторлари – ҳар олти ойда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби белгиланмоқда.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифаларини белгилашга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунга маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисидаги норма киритилиб, бунда маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда жамоат тузилмалари маҳаллалар кесимида ҳамкорликда ишлашини ташкил этиш бўйича ички ишлар органлари таркибий тузилмаси ҳисобланиши белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид