Иқтисодиёт | 21:42 / 05.08.2022
36454
3 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг давлат облигацияларини сотиб олишига чекловлар олиб ташланиши айтилди

Молия вазирлиги яқин йилларда жисмоний шахслар учун мўлжалланган давлат ғазначилик облигацияларини чиқаришни режалаштирмоқда, дея маълум қилди вазир ўринбосари Одилбек Исоқов.

Ўзбекистон Молия вазирлиги давлат ғазначилик облигациялари чиқаришни кўпайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазир ўринбосари Одилбек Исоқов 4 август куни Сенат ялпи мажлисида маълум қилди.

Исоқовга кўра, 2019 йилда қарийб 600 млрд сўмлик давлат ғазначилик облигациялари чиқарилган, 2020-2021 йилларда эса бу рақам 5 трлн сўмга етган.

“Бу йилги маррамиз – соф 6 трлн сўм. Марказий банк билан ҳамкорликда давлат ғазначилик облигацияларига нафақат банклар, балки бошқа, жумладан хорижий инвесторларни ҳам жалб қилиш устида тизим иш олиб боряпмиз”, – деди у.

Маълум қилинишича, юридик шахслар эмас, жисмоний шахслар учун чиқариладиган облигациялар бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.

“Бу бўйича ҳам кейинги йилларда режаларимиз бор. Фақат битта нарсани инобатга олиш керак. Жисмоний шахсларга мўлжалланган облигацияларнинг фоиз ставкаси юридик шахсларникидан анча юқори бўлиши кутиляпти. Сабаби биз камида банклардаги депозит ставкалари билан тенглашишимиз керак. Шунинг учун мана шу 3-4 фоизлик фарқ бизни бу режалардан тийиб турибди, лекин албатта, бу режаларимизда бор”, – деди вазирлик молия вазири ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил охирида Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда узоқ танаффусдан кейин давлат қимматли қоғозлари билан операцияларни қайтадан бошлади, аммо уларни қонун бўйича Ўзбекистоннинг фақат юридик резидент-шахслари сотиб олишлари мумкин.

2019 йилда Капитал бозорини ривожлантиришнинг беш йиллик стратегияси лойиҳаси эълон қилинди. Унда жисмоний шахсларга давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш имконияти берилиши борасида дастлабки дараклар берилди. 2021 йилда эса Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари Молия вазирлигига қайтарилди.

2020 йилда Марказий банк жисмоний шахсларга давлат облигацияларини сотишга ҳали эрталигини маълум қилди. Регулятор раҳбарининг ўша пайтдаги ўринбосари Илҳом Норқулов (ҳозирда иқтисодиёт вазири ўринбосари) паст даромадлилик сабабли қимматли қоғозлар аҳоли орасида талабгир бўлмаслигини айтганди.

“Ўз навбатида, банклар бу қоғозлардан ликвидликни ушлаб туришда фойдаланади”, – дея тушунтирганди Норқулов. 

Мавзуга оид