29 феврал куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш мақсадлари бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташкил қилган давра суҳбатида халқаро молия институтлари вакиллари, инвесторлар ва маҳаллий мутахассислар иштирок этди.

Давлат-хусусий шериклик тушунчасининг моҳияти шундаки, бунда давлат ва хусусий сектор мамлакат инфратузилмасини яхшилаш ва сифатли давлат хизматларини амалга оширишда ўзаро бирлашади.

Ўзбекистон бу соҳада 5 йиллик йўлни босиб ўтди. 2019 йилда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун қабул қилинган.

29 феврал кунги давра суҳбатида ИМВ ўринбосари Бобур Хўжаевнинг айтишича, ДХШ асосида ўтган 5 йил ичида 17 млрд доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.

Infrasia Capital бош директори, собиқ молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг сўзларига кўра, бундай давра суҳбатларидан мақсад – давлат-хусусий шериклик асосида кўплаб инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга фундамент яратиш ҳисобланади.

“Энергетика, айниқса, қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари хусусий шериклар билан амалга ошириляпти, лекин шу билан биргаликда ижтимоий лойиҳалар ҳам ДХШ асосида қилинганига юқори баҳо бераман. Масалан, диализ марказларининг қурилиши. Улар унақа катта қийматли лойиҳа эмас, лекин юзлаб инсонларга диализ хизматларини кўрсатиб, регионларда хусусий секторнинг самараси олиб кирилди”, – дейди Исоқов.

Унинг таъкидлашича, диализ марказлари – айрим турдаги беморлар учун ҳаёт-мамот масаласи. Ҳукумат ўтган даврда ДХШ асосида Нукус, Урганч, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидан диализ марказларини очган ва ойига минглаб беморлар бу марказларда даволанади. Бу давлат томонидан тўлиқ қопланадиган хизмат тури ҳисобланади. Илгари давлат пулни хусусий секторга берган бўлса, ҳозир хусусий шерикларига беряпти ва сифатини талаб қилиб оляпти. Асосий мақсад – беморларни даволаш ва бунга хусусий секторнинг самарасини олиб кириш.

“Инсонлар учун ҳаётий зарур масалалар хусусий шериклар билан ҳал қилиняпти. Буни биринчи қилган мамлакат эмасмиз, лекин энг муваффақиятли мамлакатлардан биримиз деб айта оламан. Беш йил ичида нималарга эришилди, қанақа катта лойиҳалар қилдик ва қилмоқчимиз? “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ДХШ асосида 30 млрд долларлик инвестиция олиб кириш бўйича вазифа қўйилган. Буларни қандай қиламиз, халқаро экспертлар нима деяпти, қайси соҳаларга пул тикиш керак, охирги 5 йилда қанақа сабоқлар олдик, булар муҳокама қилинади”, – дейди Исоқов.