20:07 / 05.08.2022
11283

Тошкентнинг Сеул кўчасидаги бизнес марказ қурилишида ёнғин чиқди

5 август куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Сеул кўчасида жойлашган, 12 қаватга мўлжалланган, қурилиши тугалланмаган бинода ёнғин содир бўлди.

Фото: KUN.UZ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, шаҳар ФВБга ёнғин ҳақида соат 18:23 да хабар келиб тушган. 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та автонарвон воқеа жойига соат 18:28 да етиб бориб, ёнғин соат 18:44 да ўчирилган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида бинонинг 2-қаватида 140 кв.м. майдонда қурилиш маҳсулотлари ёниб зарарланган.

Ёнғин оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари йўқ.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, – дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ҳодиса жойига ФВБ раҳбарияти, ИИБ ва ССБ ходимлари етиб борган.

Top