22:22 / 08.08.2022
17459

Мактаб формаси бўйича вазирнинг баёноти ҳукумат қарорида акс эттирилиши айтилди

Мажбурий мактаб формасини жорий этиш кечиктирилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига тез орада ўзгаришлар киритилади, деди халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 27 июл куни баёнот билан чиқиб, ягона мактаб формасини мажбурий жорий этиш кечиктирилишини маълум қилган эди. Бироқ бу борадаги ҳукумат қарорига ҳозирча ўзгариш киритилмади.

8 август куни илк марта матбуот анжуманида қатнашган вазир Саидов бу ҳақдаги саволга жавобан ҳукумат қарорига тегишли ўзгаришлар албатта киритилиши, бу фақат вақт масаласи эканини айтди.

“Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқишининг маълум процедураси бор. Вазир сифатида мен ҳам ҳукумат аъзоси ҳисобланаман. Ҳам вазир, ҳам ҳукумат вакили сифатида кенг жамоатчиликнинг хоҳиши ва вазиятдан келиб чиқиб, 27 июлдаги баёнотимни қилдим.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлаб, киритиб, чиқариш учун маълум вақт керак бўлади. Баёнотда айтилган гаплар ҳам бошқа қарорлар лойиҳаси киритилганда, албатта, ўз аксини топади. Бу ишлар қилинган, яқин кунларда бу ҳақда ҳам эшитиб қоласизлар”, – деди ХТВ раҳбари.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов

Эслатиб ўтамиз, Саидов ўз баёнотида ягона дизайндаги мактаб формасини татбиқ қилиш 2025 йилга қадар босқичма-босқич амалга оширилишини айтганди. Бу босқичлар ҳудудлар кесимида бўладими ёки синфлар кесимида, ҳозирча маълум эмас.

Вазир, шунингдек, қизларнинг мактабга миллий рўмолда келиши ман этилмаслигини таъкидлаган.

Кейинроқ ХТВ матбуот хизмати айрим мактабларда маъмурият ота-оналарни фарзандлари учун тасдиқланган дизайндаги мактаб формаларини сотиб олишга ундаётганига муносабат билдириб, мактаблар томонидан ягона форма тарғиб қилиниши мумкинлигини билдирди.

Top