Жаҳон | 08:20 / 08.08.2022
4241
2 дақиқада ўқилади

Россияда ковид ҳолатларининг кескин кўпайиши кузатилмоқда

Россияда охирги сутка давомида 20 мингдан ортиқ янги коронавирус инфекцияси ҳолати аниқланди. РФнинг 12 та субъектида касалхонага ётқизилганлар сонининг кўпайиши қайд этилди.

Фото: Reuters

Россияда март ойининг охиридан бери биринчи марта коронавирус инфекцияси билан касалланган янги ҳолатларнинг кунлик ўсиши 20,3 мингдан ошди. «РФда 7 август ҳолатига кўра, 20 303 та янги COVID-19 ҳолати аниқланди. Бир суткада касалхонага ётқизилганлар сони 1 505 кишини ташкил этди ва олдинги кунга нисбатан 29,7 фоизга камайди», — дейилади якшанба, 7 август куни тезкор штаб хабарида.

Оператив штаб маълумотларига кўра, РФнинг 12 та субъектида касалхонага ётқизилганлар сонининг кўпайиши, 63 та ҳудудда камайгани қайд этилган, 10 та субъектда эса вазият барқарор. Ўтган кун давомида яна 44 киши (бир кун олдин 46) ковид оқибатларидан вафот этди. Россияда коронавирусга чалинганлар сони ўсиши кетма-кет бешинчи кун кузатилмоқда.

Аввалроқ Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова Россияда SARS-CoV-2 коронавирусининг янги янада юқумли субвариантлари пайдо бўлиши фонида касалланишнинг кўпайиши кузатилаётганини, бироқ федерал даражадаги коронавирус чекловларини қайтариш зарурати йўқлигини айтган эди.

Умуман олганда, пандемия даврида Россияда 18 712 699 та коронавирус ҳолати аниқланган, 382 741 киши инфекция оқибатларидан вафот этган. Worldometer портали маълумотларига кўра, Россия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда ўнинчи ўринни эгаллаб турибди. 

Дунёда биринчи ўринда ҳанузгача АҚШ турибди - деярли 94 миллион касалланиш ва 1,059 миллион ўлим ҳолати. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид