Спорт | 16:05 / 09.08.2022
29009
10 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги сенсация. Ўзбекистонлик шахматчиларнинг ғолиблик сари йўли

Ўзбекистон шахматчилари тарихда илк марта олимпиада чемпиони бўлишди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган шахмат олимпиадасида биринчи ўринни эгаллади. Бунгача нуфузли турнирдаги энг яхши натижа узоқ 1992 йилда қўлга киритилганди – кумуш медал. Шахмат олимпиадаси ўзи қандай мусобақа, унда кимлар иштирок этади, фаворитлар қайси жамоалар эди, сенсация тақдим қилган ёш шахматчиларимиз қандай натижаларни кўрсатишди, қуйида шулар ҳақида.

Шахмат олимпиадаси қандай турнир?

Шахмат олимпиадаси – Халқаро шахмат федерациясига (FIDE) аъзо мамлакатлар ўртасидаги жамоавий мусобақа бўлиб, 1927 йилдан буён ўтказиб келинади.

Ҳар бир жамоа таркибида тўрт нафар асосий ва бир нафар захира шахматчиси бўлади. Жамоа аъзоларига рейтинг бўйича бирдан тўртгача рақамланган тахталар бириктирилади. Масалан, энг яхши шахматчи ҳар доим биринчи тахтада дона суради.

Бу йил шахмат олимпиадаси 44-марта, Ҳиндистонда эса биринчи марта ўтказилди. Унда 186 мамлакатнинг 188 та жамоаси иштирок этди. Ҳиндистон мезбон сифатида учта жамоа билан қатнашди. Аёллар турнирида эса 160 мамлакатнинг 162 жамоаси (Ҳиндистондан яна уч жамоа) иштирок этди. Шахматчиларнинг умумий сони – 1736 нафар.

Қоидалар қандай?

Албатта 186 мамлакат миллий жамоалари иштирокидаги турнирни ташкил қилиш вақт нуқтайи назаридан осон эмас. Шу туфайли, шахмат олимпиадаси Швейцария тизими бўйича ўтказилади. Унда 2-турдан бошлаб, ҳар бир турда бир хил очко жамғарган жамоалар ўзаро ўйнайди. Шу сабабли, ҳар бир турда деярли тенг кучли жамоалар тўқнаш келади. Бу эса кўп сонли иштирокчилар қатнашаётган турнирни қисқа вақтда якунлаш имконини беради. Мусобақа 11 турдан иборат бўлади.

Шахмат олимпиадаси жамоавий мусобақа бўлгани сабабли, ўйинчилар ғалаба учун 1 очко ва дуранг учун ярим очко оладилар. Якунда очколар жамланади. Ҳар бир миллий жамоа ғалаба учун 2 очко, агар ўйин дуранг билан якунланса, бир очко олади.

Ҳар бир ўйинда шахматчига 90 дақиқа вақт ажратилади. 40 юришдан кейин яна 30 дақиқа қўшимча вақт берилади.

Энг кўп очко тўплаган жамоа олимпиада ғолиби бўлади. Турнирда пул мукофоти йўқ, ғолиблар Ҳамилтон-Рассел кубоги билан тақдирланади.

Ушбу кубок биринчи расмий шахмат олимпиадасида инглиз магнати Фредерик Ҳамилтон-Рассел томонидан соврин сифатида тақдим этилган. Шу сабабли унинг номи билан аталади.

Шахмат олимпиадаси тарихи

Шахмат олимпиадаси 1950 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда.

Энг кўп олтин медални СССР шахматчилари қўлга киритган – 18 та. Кейинги ўринларни АҚШ (6), Россия (6), Венгрия (3), Арманистон (3), Украина (2), Хитой (2), Югославия (1), Польша (1) ва Германия (1) эгаллаб турганди. Энди уларнинг қаторига Ўзбекистон ҳам қўшилди.

Энг кўп олтин медал қўлга киритган шахматчилар рейтингида ҳам табиийки совет шахматчилари пешқадамлик қилади – Тигран Петросян (9), Василий Смислов (9), Гарри Каспаров (8), Михаил Таль (8).

Ўзбекистон шахматчилари натижалари

Шахмат бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси 1992 йилдан буён олимпиадада иштирок этиб келмоқда.

Ўша йили Филиппин пойтахти Манилада ўтказилган нуфузли турнирда Ўзбекистон шарафини Валерий Логинов, Григорий Серпер, Александр Ненашев, Сергей Загребельний, Михаил Салтаев ва Саидали Юлдашев ҳимоя қилганди. Якунда улар Россия миллий жамоасидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалларини қўлга киритишди. Бугунги кунга қадар ушбу натижа шахматчиларимиз томонидан қўлга киритилган ягона ютуқ бўлиб турганди.

Ченнай шаҳридаги шахмат олимпиадаси ўтказилаётган зал fide.com

Ченнай олимпиадаси

2022 йилги шахмат олимпиадаси тартиб бўйича 44-бўлиб, 29 июл куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бошланди.

Турнирда FIDE рейтингидаги энг яхши ўн нафар шахматчидан 5 нафари иштирок этгани, унинг савияси юқори эканидан далолат беради.

Мисол учун, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен Норвегия миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Шунингдек, кучли ўнликка кирадиган шахматчилар Фабиано Каруана , Левон Аронян ва Уэсли Со АҚШ миллий жамоасида дона сурди.

Собиқ жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд мезбон мамлакат сафида ўйнаш ўрнига жамоага мураббийлик қилишга қарор қилди. Шахмат бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионлигига даъвогар бўлган Ян Непомняшчий ва Дин Лижэн Россия миллий жамоаси мусобақадан четлатилгани, Хитойда эса COVID-19 билан боғлиқ чекловлар борлиги туфайли мусобақада иштирок этолмади.

Олимпиадани ўтказиб юборган бошқа машҳур шахматчилар орасида франциялик Алиризо Фирузжо ва Максим Вашье-Лаграв ҳам бор. Теймур Ражабов COVID-19 инфекцияси оқибатлари туфайли мусобақа бошланишига оз вақт қолганда ватани Озарбойжон миллий жамоаси сафидан чиқди. Вьетнам миллий жамоани мусобақага юбормагани боис, Ле Куанг Лием ҳам турнирда иштирок этмади.

Фаворитлар кимлар эди?

Шубҳасиз, жуда кучли жамоалар қаторида саналган Россия ва сўнгги олимпиада ғолиби Хитой шахматчиларининг турнирда иштирок этмаслиги кўплаб жамоаларнинг ғолибликка бўлган имкониятини оширди.

Ўртача 2771 рейтинг баллига эга ва таркибида Фабиано Каруана, Левон Аронян, Уэсли Со, Леньер Домингес ва Сэм Шенкленд бўлган АҚШ миллий жамоаси энг асосий фаворит сифатида саналаётган эди.

Энг юқори ўртача рейтингга эга ва таркибида Видит Сантош Гужрати, Пентала Харикришна, Аржун Эригаиси бўлган Ҳиндистон миллий жамоаси, шунингдек, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен бошчилигидаги Норвегия миллий жамоаси ҳам медалларга даъвогар эди.

Бироқ, соврин учун кураш умуман бошқа жамоалар ўртасида кечди.

Ўзбекистон миллий жамоаси шахматчилари (Ўзбекистон шахмат федерацияси)

Ўзбекистон миллий жамоаси иштироки

Ўзбекистон миллий жамоаси шахмат олимпиадасига энг ёш таркиб билан йўл олди десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов энди 18 ёшга тўлади. У халқаро гроссмейстер ҳисобланиб, дунё шахмат рейтингида 2677 очко билан 64-ўринда бормоқда. 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев 2620 очко билан 158-ўринни, 17 ёшли Жавоҳир Синдаров эса 2629 очко билан 139-ўринни эгаллаб турибди. Шунингдек, таркибда 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов ва 20 ёшли Шамсиддин Воҳидов ҳам бор эди.

Дастлабки 2 турда шахматчиларимиз деярли қаршиликка дуч келишмади. Непал ва Фарер ороллари бир хил – 4:0 ҳисобида мағлуб этилди. Учинчи турда Словения миллий жамоаси 3:1 ҳисобида доғда қолдирилди.

Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон шахмат федерацияси)

Биринчи энг кучли рақиб 4-турда йўлиқди – мусобақа фаворити АҚШ. Бироқ, ёш шахматчиларимиз жуда қийин кечган баҳсда дурангга эришди. Ўйин тақдирини Нодирбек Абдусатторовнинг супергроссмейстер Фабиано Каруано устидан қозонган ғалабаси ҳал қилди.

Бешинчи турда Словакия шахматчилари 4:0 ҳисобида мағлуб этилди.

Шамсиддин Воҳидов (Ўзбекистон шахмат федерацияси)

Олтинчи турда ўзбекистонликлар яна бир жиддий рақиб – Ҳиндистон миллий жамоасига қарши дона суришди. Бу баҳс ҳам 2:2 натижасидаги дуранг билан якунланди. Шамсиддин Воҳидов ўз рақиби Кришнан Сашикирандан рейтингда қарийб юз поғона пастда турган бўлса-да, уни мағлуб этиб, жамоани муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолди.

Еттинчи турда Перу шахматчилари 4:0 ҳисобида осонликча таслим этилди.

Нодирбек Ёқуббоев (Ўзбекистон шахмат федерацияси)

Саккизинчи турда Германия миллий жамоаси 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этилди. Ҳал қилувчи очкони Нодирбек Ёқуббоев келтирди. У Маттиас Блюбаумни мағлуб этишга эришди.

Тўққизинчи турда Ўзбекистон миллий жамоаси яна бир принципиал рақиб Арманистонга қарши дона сурди. Арманистонликлар турнир жадвалида Ўзбекистонни таъқиб қилиб келаётганди. Катта эҳтимол билан бу баҳснинг ғолиби турнирдаги чемпионликка асосий даъвогар бўлар эди. Шахматчиларимиз 3:1 ҳисобидаги ажойиб ғалабани қўлга киритиб, олимпиада пешқадами бўлиб олишди. Жавоҳир Синдаров Самвел Тер-Сахакянни, Жаҳонгир Воҳидов эса Роберт Ованисянни енгиб, жуда қимматли очколарни келтиришди.

Ўнинчи турда Ўзбекистон миллий жамоаси Ҳиндистон-2 жамоаси билан курашди. Учта тахтадаги баҳслар якунланганидан сўнг шахматчиларимиз 1:2 ҳисобида ортда боришаётганди. Аммо Нодирбек Абдусатторов ўта қийин кечган баҳсда ирода кўрсатиб, Гукеш устидан ғалабага эришди. Драматик тарзда кечган баҳсда рақиб шахматчисига юриш қилиш учун вақт етмай қолди. Бу эса шахматда мағлубиятга тенг.

Сўнгги тур олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси Арманистон билан бир хил – 17 тадан очко жамғариб, биринчи ўринда эди. Мусобақада ғолиб чиқиш учун шахматчиларимиз Нидерландияни ҳар қандай ҳисобда мағлуб этиши кифоя қиларди.

Жаҳонгир Воҳидов (Ўзбекистон шахмат федерацияси)

Аммо сўнгги ўйинлар осон бўлмади. Дастлабки учта тахтадаги баҳслар дуранг натижа билан якунланди. Бу вақтда Арманистон Испанияни, Ҳиндистон-2 эса Германияни мағлуб этиб, онлайн жадвалда Ўзбекистонни қувиб ўтганди.

Сўнгги тахтада эса Жаҳонгир Воҳидов рақиби Макс Вармердамни том маънода «эзиб қўйди». У ўйин охиригача ташаббусни қўлдан бой бермай, рақибни мағлубиятни тан олишга мажбур қилди. 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонган Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор шахмат олимпиадаси чемпиони бўлди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид