Жаҳон | 08:12 / 09.08.2022
7851
2 дақиқада ўқилади

Латвия яна Россиядан газ оляпти

Conexus Baltic Grid маълумотларига кўра, рус гази яна Латвияга келяпти. Аввалроқ «Газпром» «газни тортиб олиш шартлари бузилгани» сабабли уни мамлакатга етказиб беришни тўхтатган эди.

Фото: Reuters

Латвия яна Россиядан газ олмоқда – бу ҳақда 8 август, душанба куни Латвиянинг Conexus Baltic Grid табиий газини ташиш ва сақлаш оператори маълумотларига таяниб, РБК ёзмоқда. Хабар берилишича, РФдан газ мамлакатга Эстонияда жойлашган «Луҳамаа» газ ўлчаш станцияси орқали киради. 

Латвия апрель ойи бошида Москванинг рус гази учун рублда тўлаш бўйича талабларини бажармасликка қарор қилиб, Россия газидан бош тортган эди. Бироқ, июнь ойида Латвия газ узатиш тизимининг асосий оператори Latvijas gāze харидларни қайта бошлади. Шу билан бирга, Latvijas gāze хомашё тўғридан тўғри «Газпром»дан сотиб олинмаслигини, битимлар еврода амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Июль ойи охирида Россиянинг «Газпром» давлат корпорацияси «газни тортиб олиш шартларини бузгани учун» Латвияга газ етказиб беришни тўхтатди. «Газпром» қандай қоидабузарликлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмади. 

14 июль куни Латвия Сейми 2023 йил 1 январдан бошлаб Россиядан табиий газ етказиб беришни бутунлай тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. 2021 йилда Рига ушбу хомашёнинг қарийб 90 фоизини РФдан сотиб олди.

Москва талабига кўра, 1 апрелдан бошлаб Россия ҳукумати Европа иттифоқига аъзо бўлган айрим давлатларни «дўст бўлмаган мамлакатлар» рўйхатига киритди, улар шартномадаги валюта (евро ва доллар)ни мажбурий конвертация қилиш шарти билан «Газпромбанк» орқали газ етказиб бериш учун ҳисоб-китобларни рублга ўтказган ҳолда амалга ошириши керак, акс ҳолда газ экспорти тўхтатилади. Польша, Болгария, Финландия ва Нидерландия аллақачон ушбу шартларни бажаришдан бош тортди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид