09:27 / 11.08.2022
5389

«Еттилик» давлатлари Россияни Запорижжя АЭСни Украинага қайтаришга чақирди

РФнинг Запорижжя АЭСда давом этаётган ҳарбий иштироки туфайли минтақа таҳдид остида, дейилади G7 баёнотида. «Еттилик» объектга халқаро экспертларни юбориш таклифи билан чиқди.

Фото: dpa

Ғарбнинг етти етакчи саноат мамлакати («катта еттилик» – G7) гуруҳи Россияни Запорижжя АЭС ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирди. «Россиянинг ушбу АЭС устидан назоратни давом эттириши минтақа учун хавф туғдиради», — дейилади «еттилик» ТИВ раҳбарлари ва Европа ташқи сиёсат хизмати вакилларининг 10 август, чоршанба куни эълон қилинган қўшма баёнотида.

G7 мамлакатлари «Россиянинг ядровий иншоотларга нисбатан ҳаракатларидан келиб чиқадиган жиддий таҳдиддан чуқур хавотирда эканини билдирди ва оқибатлари Украинадан ташқарида ҳам сезилиши мумкин бўлган ядровий авария ёки ҳодиса хавфидан огоҳлантирди». Вазирлар Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг Украинада ядровий хавфсизликни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. 

Улар «Украинанинг ўз ҳудуди ва инфратузилмаси устидан суверенитетини ҳурмат қилиш» зарурлигини таъкидлаб, «ядро хавфсизлиги бўйича хавотирларни йўқ қилиш» учун Запорижжя АЭСга мутахассисларни юборишга чақирди. G7 вазирларига кўра, экспертлар Украинадаги барча ядровий иншоотлардан эркин фойдаланиши ва бу объектларда украиналик ходимлар билан тўғридан тўғри ҳамда ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳамкорлик қилиши керак. 

АЭХА раҳбари Рафаэл Гросси яқинда Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорижжя АЭСдаги вазиятдан хавотир билдирди ва бу станцияда «барча хавфсизлик тамойиллари у ёки бу тарзда бузилаётганини» таъкидлади.

Запорижжя АЭС - Европадаги энг йирик атом электр станцияси. У март ойи бошидан бери Россия қўшинлари назоратида. Ўшандан бери АЭХА объектга киришга уринмоқда. Россия ва Украина бир-бирини АЭСга ҳужум қилишда айбламоқда. «Энергоатом» Украина компаниясининг маълум қилишича, Россия Запорижжя АЭСни аннексия қилинган Қримдаги тармоқларга улаш ниятида ва шу мақсадда станцияни Украина билан боғловчи электр тармоқларига зарар етказмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top