Ўзбекистон | 11:45 / 12.08.2022
18306
3 дақиқада ўқилади

Профилактика инспекторига йўл ҳаракати соҳасида қўшимча ваколат берилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Ички ишлар органлари таянч пунктлари ҳамда маҳалла-ҳуқуқ тартибот масканлари профилактика (катта) инспекторлари маҳаллалар, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари атрофидаги, якка тартибдаги ва кўп қаватли уй-жой массивларидаги йўлларда аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 248-моддасига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиши ва маъмурий жазо қўллаши, кодекс 291-моддасига мувофиқ транспорт воситаларини ушлаб туриши ва кўрикдан ўтказиши маълум қилинди.

ИИВ профилактика инспекторларининг бириктирилган ҳудуддаги йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш доирасида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратади:

  • тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган транспорт воситаларни, транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаш, товуш сигналларини сабабсиз бериш ҳолатларини;
  • автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларга сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратганлик, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик ҳолатларни аниқлаш ва чора кўриш;
  • мастлик ҳолатидаги шахслар ҳамда вояга етмаганлар томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳолатларини аниқлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мансабдор шахсларига хабар бериш.

Ички ишлар вазирлиги:

  • ички ишлар органлари таянч пунктлари ҳамда маҳалла-ҳуқуқ тартибот масканлари профилактика инспекторлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини ташкил этиш ҳамда зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш дастурини тасдиқлайди ва ижросини таъминлайди;
  • маҳаллалар, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари атрофидаги, якка тартибдаги ва кўп қаватли уй-жой массивларидаги йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича касбий тайёргарликни оширишга қаратилган ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, профилактика инспекторлари босқичма-босқич ўқитилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

  • профилактика инспектори бириктирилган ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган йўл-патруль хизмати ходимлари йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширади;
  • профилактика инспектори бириктирилган ҳудуддаги йўлларда белгиланган талабларни бажариш бўйича қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар мансабдор шахслари, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;
  • профилактика инспектори томонидан ўзига бириктирилган ҳудуддан ташқарида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид