Жамият | 09:35
985
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фирибгарликда ушланди

Қашқадарё вилоятида давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фуқарони ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 800 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олгани аниқланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қарши тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори А.Ҳ. муқаддам судлангани ҳолда фирибгарлик содир этгани маълум бўлди.

Текширув давомида аниқланишича, у ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқаро Н.Ҳ.ни Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудий филиалига орастабон лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

Бунинг эвазига инспектор фуқародан 800 АҚШ долларини олган. Тергов жараёнида ушбу маблағнинг 200 АҚШ доллари ҳамда 3,3 миллион сўми қайтарилиб, бу ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора бериш жиноятига иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид