Давлат компанияларига IPO ва SPO учун муддатлар белгиланди
Давлат иштирокидаги 21 та йирик компания акцияларининг бир қисмини очиқ савдога чиқариш бўйича муддатлар белгиланди. UzAuto Motors ва “Ўзбекнефтгаз”га берилган муҳлат бир неча ойга узайтирилди. Ҳукумат Uzbekistan Airways ва “Ўзавтосаноат” масаласини очиқ қолдирди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, 2022-2023 йилларда давлат иштирокидаги 21 та йирик корхонанинг акцияларини фонд биржасида бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.
Президентнинг бу борадаги топшириғини ҳукумат бир йилга кечикиб бажарди. Ўтган йил апрелдаги президент фармонига биноан, 15 та компаниянинг IPO ёки SPO ўтказишига оид йўл хариталар 2021 йил 14 июлгача тасдиқланиши керак эди, буни таъминлаш вазифаси бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга юклатилганди.
Тасдиқланган йўл харитасига биноан, давлат иштирокидаги 21 та йирик компания ўз акцияларини фонд биржасига бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштиришининг тахминий муддатлари белгиланди (қуйида – муддатлар кетма-кетлигидаги рўйхат):
- Қишлоқ қурилиш банк — 2022 йил август-октябр ойлари;
- “Ўзметкомбинат” АЖ — 2022 йил 4-чораги ёки 2023-йил 1-чораги;
- “UzAuto Motors” АЖ — 2022 йил 4-чораги ёки 2023 йил 1-чораги (2022 йил 1 августгача 10 фоизгача акциясини IPO'га чиқариши керак эди);
- “Ўзбекнефтгаз” АЖ — 2023 йил феврал-март (2022 йил охиригача камида 49 фоиз улушини IPO'га чиқариши керак эди);
- Агробанк — 2023 йилнинг 1- ёки 2-чораги;
- Алоқабанк — 2023 йил 1-ярим йилликда;
- Микрокредитбанк — 2023 йил июн ойида;
- “Universal Sug‘urta” АЖ — 2023 йил июн ойида;
- “Alskom” АЖ — 2023 йил июн ойида (SPO);
- “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ — андеррайтерлар тавсияларига асосан, тахминан 2023 йил июн ойида (IPO/SPO);
- Халқ банки — 2023 йил 2-чорак;
- “Ўзбекинвест” АЖ — 2023 йил 2- ва 3-чораклар;
- “Ўзбекгеофизика” АЖ — 2023 йил 2- ва 3-чораклар;
- Миллий банк — 2023 йил июл ойида;
- “Ўзагросуғурта” АЖ — 2023 йилнинг иккинчи ярми;
- “Ўзбекистон почтаси” АЖ — номаълум (2023 йил март ойидан кейинги даврда, андеррайтерлар тавсияларига асосан);
- “Ўзавтосаноат” АЖ — номаълум (2023 йил март ойигача IPO бўйича ҳукуматга таклифлар киритилади);
- “Қурилишмашлизинг” АЖ — номаълум, андеррайтерлар тавсия қилган муддатда (IPO бўйича таклифлар ҳукуматга 2023 апрел ойида киритилади);
- “Ўзтрансгаз” АЖ — номаълум, андеррайтерлар тавсия қилган муддатда (IPO'дан олдин, 2023 йил 2-чоракда корпоратив кредит рейтинги олиш учун консултант жалб қилинади);
- “Uzbekistan Airways” АЖ — номаълум, андеррайтерлар тавсия қилган муддатда (IPO'ни ўтказишга тайёргарлик 2023 йил июл ойигача давом этади);
- “Dori-Darmon” АЖ — номаълум (ҳукумат розилиги олинганидан кейин 10 ой ичида).
IPO/SPO (Initial/secondary public offering) акциядорлик жамияти акцияларини чекланмаган миқдордаги шахсларга бирламчи/иккиламчи оммавий сотишни билдиради.
Ўзбекистон тарихида илк бор тажриба тариқасида “Кварц” АЖ 2017 йил декабрида “Тошкент” фонд биржасида IPO ўтказган. Шундан сўнг “Жиззах пластмасса” АЖ ҳам акцияларини очиқ равишда фонд биржасига жойлаган.
“Кварц” ва “Жиззах пластмасса” ҳозирча Ўзбекистонда IPO ўтказган биринчи ва охирги компаниялар бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, 2019 йилдаёқ мамлакатдаги ўнга яқин компания акциялари очиқ савдога чиқарилиши эълон қилинганди. “Биз йил охирига қадар 10 тадан кам бўлмаган компания IPO жараёнини ўтказишини кутмоқдамиз. Ҳеч бўлмаганда, 6 компания”, деганди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг ўша вақтдаги биринчи ўринбосари Асқар Обидов.
Кейинчалик, давлат улуши юқори бўлган 20та йирик компанияни 2021 йилнинг 2-чорагида IPO орқали хусусийлаштириш режа қилинганди.
2021 йил кузида эса бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистоннинг энг йирик корхоналаридан 30таси 2025 йилгача IPO ўтказиши ҳақида гапирганди. “Инвесторларга шуни маълум қилмоқчиманки, биз 2023 йилгача 10та йирик компанияда, 2025 йилгача эса Ўзбекистондаги 20та энг йирик компанияда IPO ўтказишни режалаштиряпмиз”, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча “Тошкент” республика фонд биржасига Гиорги Паресишвили раис этиб тайинланди. Унинг олдига қўйилган асосий вазифалардан бири – маҳаллий акциядорлик жамиятларининг IPO ва SPO'ларини ўтказишда ёрдам бериш.
Мавзуга оид
15:44 / 21.11.2024
Тошкентдаги International ва Lotte меҳмонхоналари хусусийлаштирилди
13:52 / 21.11.2024
Британия Ўзбекистонда давлат компанияларини хусусийлаштиришда қатнашмоқчи
11:04 / 19.11.2024
Истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши мумкин
17:10 / 18.11.2024