Жаҳон | 08:29 / 17.08.2022
5697
2 дақиқада ўқилади

ФХХ «Украина диверсантларини» Курск АЭС электр линияларини портлатишда айблади

«Украина диверсион гуруҳлари» томонидан электр узатиш линияларининг портлатилиши Курск АЭС ишида узилишларга олиб келди, деб хабар қилди РФ Федерал хавфсизлик хизмати. Ҳозирда жиноятни содир этган шахсларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: AA

«Украина диверсион гуруҳлари» Курск области Курчатов туманида юқори вольтли электр узатиш линияларининг олтита минорасини портлатиб юборди, бунинг натижасида Курск АЭС фаолияти тўхтатилди, деб хабар берди 16 август, сешанба куни РФ Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ). Унинг маълумотига кўра, ҳодисалар 4, 9 ва 12 август кунлари содир бўлган. Портлатилган электр узатиш линиялари орқали атом электр станцияси «саноат, транспорт, ҳаётни таъминлаш, ижтимоий инфратузилма ҳамда минтақа ва мамлакатнинг қўшни вилоятлари аҳолисини энергия билан таъминлаган», деб таъкидлади ФХХ. 

Таъкидланишича, қўпорувчилик «АЭС фаолияти технологик жараёнининг бузилишига» олиб келган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. «Росэнергоатом», ўз навбатида, 4 августдан 12 августгача Курск АЭСда «нимстанциядаги носозлик туфайли» умумий қувват пасайганини, аммо ҳозир атом электр станцияси режалаштирилган иш режимига қайтганини, АЭС жойлашган ҳудудда радиациявий фон нормал ҳолатда эканини маълум қилди. 

Россия Тергов қўмитаси (ТҚ) электр узатиш линияларининг портлатилиши факти бўйича теракт тўғрисидаги модда бўйича жиноий иш қўзғатди. ФХХ РФ Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жиноятчилар ва уларнинг эҳтимолий шерикларини қидирмоқда. Росгвардия ядровий иншоотларни қўриқлаш ишларини кучайтирди. 

Аввалроқ 4 ва 9 август кунлари Украина ҳудуди билан чегарадош Курск областида электр узатиш линияларини портлатишга уринишлар ҳақида Baza нашри хабар берган эди. Унинг ёзишича, 16 август куни «Льгов-Локинская» участкасининг 14-километри атрофидаги ҳудудда темирйўл релслари ҳам портлатилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид