Жамият | 15:04 / 17.08.2022
37495
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда холаси томонидан калтакланган 3 ёшли қизча вафот этди

Айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: AP

Ижтимоий тармоқларда Туркия ишлаш учун кетган аёлнинг 3 ёшли қизи ўз опаси томонидан калтаклангани, оқибатда қизча вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фожиа Жиззах вилояти Пахтакор туманида 13 август куни содир бўлган.

Пахтакор туманинг Тошкент маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Ю. тегишли ҳужжатларсиз 2020 йилда ўз қарамоғига топширилган қариндоши А.Қ нинг фарзанди Ш.Қ га қасддан оғир тан жароҳати етказган. Натижада 2019 йилда туғилган вояга етмаган Ш.Қ ўзига келмасдан, 13 август куни шифохонада вафот этган.

Айни вақтда Д.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ажримига кўра қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Жиноят ишлари бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, терговнинг бориши устидан вилоят прокурори томонидан алоҳида назорат ўрнатилган», - дейилади Бош прокуратура томонидан тақдим қилинган маълумотда.

Мавзуга оид