Ўзбекистон | 12:05 / 18.08.2022
46839
2 дақиқада ўқилади

Магнит бўронлари ўзи нима? Кимлар хавф остида ва қандай ҳимояланиш мумкин?

Бу атама азалдан бор, аммо сўнгги йилларда кўп диққат марказига чиқмоқда. Ҳатто жуда кўп касалликларнинг қўзғалиши шу ҳодиса билан боғланяпти.

Фото: Getty Images

Магнит бўронлари – бу одатда қуёш фаоллиги таъсирида ер магнит майдонининг кескин ўзгариши. Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг йирик майдонларида кузатилади ва кўпчилик буни ҳис қилади. Айниқса юрак-қон томир, асаб соҳасининг сурункали касалликларига эга инсонлар бу жараёнларни оғир ўтказишади.

Бунда асосан магнит бўронлари таъсирида қон айланиши ўзгариши асосий таъсир воситаси ҳисобланади. Чунки эритроцитлар таркибидаги темир моддаси магнитдан таъсирланади. Натижада томирларда тиқилмалар ҳосил бўлади ва бу айниқса сурункали касалликлари бор одамлар учун хавфли ҳисобланади.

Асаб тизимига эса магнит бўрони пайтида гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиши таъсир қилади ва ҳолсизлик, жиззакилик, реакция сусайиши ёки кучайиши каби белгилар пайдо бўлади.

Магнит бўронлари вақти-вақти билан албатта содир бўлувчи ҳодиса экан, бу жараёндан инсон ўзини ҳимоялаши шарт:

  • Бундай кунлар одатда ОАВ орқали эълон қилинади. Асабийлашишдан тийилиш, ҳазми оғир овқатлар истеъмол қилмаслик, спиртли ичимликлар, чекишни чеклаш лозим;
  • Шундай кунларда жисмоний меҳнатни чеклаб туриш, ақлий меҳнатда ҳам организмни зўриқтирмаслик мақсадга мувофиқ;
  • Имкон қадар душ қабул қилиб туриш, илиқ сув ичиш ва салқин хоналарда ўтириш керак;
  • Сурункали касалликлари бор беморлар, айниқса юрак-қон томир касалликлари, жумладан инсульт ўтказганлар ёлғиз қолмасликлари, бир ўзлари автомобиль бошқармасликлари, ҳар бир дори воситасини шифокор назоратида қабул қилишлари даркор;
  • Умуман, магнит бўронларига табиатнинг бир ҳодисаси сифатида қараш ва қўрқмаслик лозим. Шунда ўтказиб юбориш осон кечади.

Мавзуга оид