Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Кобулдаги масжидда намоз пайти содир этилган терактни қоралади
Кобул шаҳридаги масжидлардан бирида кечки намоз вақтида содир этилган портлашда камида 21 киши қурбон бўлди, 33 киши яраланди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисани қатъий қоралаб, бу ваҳшийликни уюштирганлар аниқланишига умид билдирди ва ҳалок бўлганларининг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилди.
17 август куни кечқурун Кобул шаҳридаги Сиддиқия масжидида, намоз пайтида содир этилган портлаш оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди. 33 киши жароҳат олган. Бу ҳақда “Ал-Жазира” маҳаллий полицияга таяниб хабар бермоқда.
Портлаш ташкилотчилари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Толиблар баёнотида бирор гуруҳга нисбатан айблов илгари сурилмаган.
“Тинч аҳолининг қотиллари ва жиноятчилар тез орада ўз жиноятлари учун жазоналади”, – дея ёзди “Толибон” ҳукумати сўзчиси Забиҳулло Мужоҳид.
Кобулда фаолият юритаётган Италиянинг Emergency тиббий нотижорат ташкилоти портлашдан шикастланган 35 беморга тиббий ёрдам кўрсатгани, улардан 9 нафари 18 ёшга тўлмаганлар эканини маълум қилган.
Қурбонлар орасидаги болалар сони маълум эмас. Ҳодиса гувоҳлари ҳужум оқибатида масжид имоми ҳам ҳалок бўлганини айтган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қонли воқеа хабарини чуқур қайғу билан қабул қилганини билдирди.
“Мазкур террорчилик хуружини қатъий қоралаймиз ҳамда ушбу ваҳшиёна хатти-ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш бўйича барча чоралар кўрилишига умид қиламиз.
Ҳалок бўлганларининг оилалари ва яқинларига чин дилдан ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг соғайиб кетишини тилаймиз”, – дейилади ТИВ баёнотида.
Бир йил олдин Афғонистонда назорат ўрнатган толиблар мамлакатда тинчлик ўрнатганини даъво қилаётган бўлса-да, терактлар ҳамон рўй бермоқда. Кўплаб хунрезликлар учун ИШИДнинг Хуросон бўлими жавобгарликни ўз зиммасига олмоқда. Гуруҳ ўтган ҳафта “Толибон”нинг диний етакчиларидан бўлган Шаҳимулло Ҳаққонийни ҳам портлатиш орқали ўлдирган.
Мавзуга оид
09:05 / 17.06.2026
Афғонистондан олиб кирилган 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди
10:50 / 12.06.2026
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида қўшимча темирйўл қурилиши мумкин
11:30 / 11.06.2026
Афғонистон–Покистон можаросига қарамай, Кобул коридорини қуриш лойиҳаси давом этмоқда
17:54 / 10.06.2026