Ўзбекистон | 18:19 / 19.08.2022
2515
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда банд аҳолининг 45 фоизини аёллар ташкил қилади” – Сенат раиси

2022-2026-йилларга мўлжалланган Миллий дастурда хотин-қизларга оид масалаларга мамлакат бюджетидан 700 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Тошкент шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Хотин-қизлар Форуми доирасида ШҲТга аъзо мамлакатлар тадбиркор аёлларининг биринчи конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги улуши ҳақидаги статистикага тўхталди.

Сенат раиси маълумотига кўра, Ўзбекистонда аёлларнинг парламентдаги улуши 33 фоизни (2016 йилда – 16 фоиз) ташкил этиб, бу бўйича Ўзбекистон 190 давлатнинг ичида 45-ўринга кўтарилган. Давлат бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларининг 27 фоизини аёллар эгаллаган. Шунингдек, тадбиркор аёллар улуши 39 фоизни ташкил этади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

“Республикада банд аҳолининг 45 фоизини аёллар ташкил этади. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, билим олишини қўллаб-қувватлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларни талабга эга касбларга ўргатиш, камбағаллик ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида 2022-2026-йилларга мўлжалланган Миллий дастур тасдиқланди. Уни амалга ошириш учун мамлакат бюджетидан 700 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилмоқда”, – деди Норбоева.

Фото: Сенат ахборот хизмати
Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид