Жаҳон | 07:53 / 20.08.2022
5012
2 дақиқада ўқилади

Черногория ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилинди

Серб православ черкови билан келишув имзоланганидан бир неча ҳафта ўтиб Черногория ассамблеясида парламент томонидан ҳукуматга ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш жараёни ўтказилди.

Дритан Абазович / Фото: Picture Alliance

20 август, шанбага ўтар кечаси, Черногория ассамблеяси сайти хабарига кўра, бош вазир Дритан Абазович бошчилигидаги Черногория ҳукуматига мутлақ кўпчилик овоз билан ишончсизлик вотуми билдирилди. Бу Черногория ва Серб православ черкови (СПЧ) ўртасида келишув имзоланганидан уч ҳафта ўтмасдан содир бўлди.

Бош вазир Абазович ва Сербия патриархи Порфирий томонидан имзоланган келишувга биноан, Черногориядаги СПЧнинг ҳуқуқий мақоми тасдиқланди, тегишли мулк кафолатлари берилди ва унинг айрим махсус ҳуқуқлари бекор қилинди.

Абазовичнинг сўзларига кўра, қабул қилинган келишув бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратиш учун Черногориядаги СПЧ мулкига оид барча черков низоларини ҳал қилишга ёрдам бериши керак. Танқидчилар фикрича, бошқа диний жамоалардан ташқари, СПЧ билан махсус келишувга эҳтиёж йўқ эди.

Ҳукуматнинг қулаши муддатидан олдин парламент сайловларига олиб келадими ёки Черногория ассамблеясини ташкил этувчи партиялар янги ҳукмрон коалиция тузишга ҳаракат қиладими, ҳозирча аниқ эмас.

36 ёшли Дритан Абазович 2022 йилнинг 28 апрелида Подгорицадаги ҳукумат тепасига келди. Черногория президенти Мило Жуканович сингари у ғарбпараст сиёсатчи саналади.

2006 йилда Черногория Сербия билан давлат иттифоқини тарк этгач, Белград ҳукумати СПЧ, шунингдек, сербпараст маҳаллий сиёсий партиялар ва ташкилотлардан фойдаланиб, Черногориядаги таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилди.

Тахминан 620 минг аҳолига эга Черногория 2017 йилдан бери НАТО аъзоси бўлиб, ЕИга аъзо бўлишга интилмоқда, бироқ бунга Болқон давлатидаги сиёсий келишмовчиликлар тўсқинлик қиляпти. СПЧ Черногориядаги энг нуфузли диний ташкилотдир.

Мавзуга оид