Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мексикада 2014 йилда ўғирлаб кетилган 43 талабанинг ўлими расман тан олинди
Талабалар ғойиб бўлганидан кейин биринчи терговга раҳбарлик қилган Мексика собиқ бош прокурори ҳибсга олинди. Уларнинг ўлими тўғрисидаги иши ёпилмайди, дея маълум қилди Мексика президенти.
Мексика ҳукумати 2014 йилда бедарак йўқолган 43 талабанинг ўлимини расман тан олганига қарамай, уларнинг вафоти бўйича иш ёпилмайди, дея маълум қилди Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор. Бу ҳақда 20 август, шанбага ўтар кечаси маълум бўлди. Обрадорнинг сўзларига кўра, мамлакат Бош прокуратураси ҳақиқатни аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида терговни давом эттиради.
Аввалроқ, 19 август куни ҳуқуқ-тартибот идоралари Мексика собиқ бош прокурори Хесус Мурильо Карамни қўлга олган эди, у талабалар ўғирлаб кетилганидан сўнг биринчи терговни ўтказган. У одамларнинг ғойиб бўлиши, қийноқлар ва одил судловга қарши жиноятларга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Мурильо бошчилигидаги тергов шуни кўрсатдики, Айотзинапа коллежи талабалари 2014 йил 26 сентябрда Герреро штатидаги коррупционер полиция ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган, сўнг улар ёшларни рақиб жиноий гуруҳ аъзоларининг қариндошлари сифатида кўрган Мексиканинг Guerreros Unidos наркокартели аъзоларига топширилган. Шундан кейин улар гўёки ўлдирилган, жасадлари полигонда ёқиб юборилган.
Терговнинг бу хулосалари мустақил экспертлар томонидан шубҳа остига олинди. Иш бўйича гувоҳлар ҳам қийноққа солингани айтилган. Йўқолган талабаларнинг оилалари адлия органлари фактларни сохталаштириб, аҳолини нотўғри фикрга келишга ундаган, деб ҳисобламоқда.
Бир кун аввал, 18 август куни, тахминан тўрт йил аввал ташкил этилган, Айотзинапанинг 43 нафар талабаси иши бўйича ҳақиқат ва адолатга эришиш комиссияси ёшларнинг ўлимига шубҳа йўқлигини эълон қилди. Улар «давлат жинояти» қурбони бўлди, дея маълум қилган Мексика ИИВ раҳбарининг инсон ҳуқуқлари, аҳоли ва миграция бўйича ўринбосари Алехандро Энсинас.
Март ойида Мексика денгиз пиёда аскарлари ва армия вакилларига нисбатан ҳам йўқолган талабалар бўйича иш қўзғатилгани хабар берилди. Улар далилларни, жумладан, полигонда жасади ёқиб юборилган бир нечта талабаларнинг шахсини аниқлаш орқали қўлга киритилган маълумотларни манипуляция қилишда гумонланмоқда.
2006 йилда Мексикада авж олган, полициядан ташқари, ҳарбийлар ҳам уюшган жиноятчиликка қарши қуролли операцияларда қатнашган «наркокартелларга қарши уруш» оқибатида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди, яраланди ёки ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Қурбонлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, тахминларга кўра, фақат 2007-2018 йилларда уруш 115 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган бўлиши мумкин. Амалдаги президент Лопес Обрадор ҳокимиятга келганидан сўнг, уруш тугаганини эълон қилди, аммо мамлакатда зўравонлик ва коррупция даражаси юқорилигича қолмоқда, йирик наркокартеллар Мексиканинг айрим ҳудудларини қисман назорат қилмоқда.