14:27 / 22.08.2022
4518

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 1 млрд долларга камайди

Июль ойида Ўзбекистон халқаро захираларининг валюта қисми 830,4 млн долларга, олтин қисми эса 142,5 млн долларга камайди.

Фото: Getty Images

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2022 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34,6 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун бу кўрсаткич 2022 йил 1 июль ҳолатига кўра, 35,58 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 976 млн долларга камайганини кўрсатмоқда.

Август ойи давомида олтиннинг физик ҳажми сезиларли миқдорда: 11,7 млн троя унциядан 12 млн троя унцияга ( тахминан 9,33 тонна) ошган бўлсада, қиймати 21,22 млрд доллардан 21,07 млрд долларга пасайган. Бу асосан ҳисобот даврида жаҳон бозорида олтин нархларининг арзонлашгани билан боғлиқ.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари ҳам 13,3 млрд доллардан 12,47 млрд доллардан ёки 830,4 млн долларга камайган.

“Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан бери 531,9 млн долларга ёки 1,5 фоизга камайди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1758,9 долларгача пасайишининг таъсири 483,6 млн долларни ташкил қилди”, дейилади Марказий банк изоҳида.

 

Top