Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 май ҳолатига 49,25 млрд долларни ташкил этиб, 1 апрел ҳолатига нисбатан 1,4 млрд долларга ошди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган ҳисоботда келтириб ўтилган.
Ўтган ойда хорижий валютадаги захиралар 617 млн долларга ошди — 9,41 млрд доллардан 11,03 млрд долларгача. Ўз навбатида захиралардаги олтиннинг физик ҳажми 11,8 млн троя унциядан 11,5 млн троя унциягача камайган бўлса-да, қиймати 36,8 млрд доллардан 37,6 млрд долларгача ошган. Бунга март ойида олтин нархларининг кескин қимматлашгани сабаб бўлган.
“Ўзбекистон ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил апрел ойида 1401 млн долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 3120,2 доллардан 3284,3 долларгача ошишининг таъсири 1881,3 млн долларни ташкил этди”, дейилади МБ хабарида.
Бундан ташқари, ўтган йилдан Марказий банк активларни диверсификация қилиш доирасида хорижий қимматли қоғозларни сотиб олишни ҳам бошлаганди. Апрел ойи якунига келиб захирадаги бундай қимматли қоғозлар ҳажми 704 млн долларга етган.











