Болгария РФ билан газ бўйича музокараларни «муқаррар» деб ҳисоблаяпти
Болгарияга бир йилда тахминан уч миллиард кубометр газ керак. Ҳозирда София зарур газнинг учдан бир қисмини Озарбойжондан олади, қолганини эса жаҳон бозоридан сотиб олади.
Болгария техник ҳукумати энергетика вазири мамлакатнинг «Газпром» билан апрель ойида узилиб қолган газ таъминотини қайта тиклаш бўйича музокаралар ўтказишини зарур деб ҳисоблайди. Росен Христов Россия монополисти билан музокаралар қачон бошланишини айтмади, бироқ улар Болгария арзонроқ газ олиши учун зарурлигини таъкидлади. «Саноат ва касаба уюшмаларининг талабларига боғлиқ ҳолда, «Газпром» билан газ етказиб беришни қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб борилиши муқаррар нарса», — дея 22 август, душанба куни Христовнинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги.
Болгария ўз эҳтиёжларининг 90 фоиздан ортиғини, «Газпром» апрель ойида мамлакатга етказиб беришни тўхтатмагунча, рус гази билан қоплаган. Бунинг сабаби, Софиядаги собиқ ҳукумат Россиянинг Украинага бостириб кириши учун Европа санкциялари жорий этилгани туфайли, Москва талаб қилганидек, газ учун рублда тўлашдан бош тортган. «Газпром» билан узоқ муддатли шартнома 2022 йил охирида тугайди.
Ҳозирда йилига қарийб уч миллиард кубометр газга эҳтиёж сезаётган Болгария унинг учдан бир қисмини Озарбойжондан олади, қолганини эса жаҳон бозоридан сотиб олади.
Христов собиқ бош вазир Кирилл Петков ҳукуматини Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Москва билан муносабатларни беқарорлаштирганликда айблади. «Газпром» билан боғлиқ вазият ижобий эмас. Уларга мурожаат қилишимиз керак. Музокаралар жуда қаттиқ ва қийин бўлади», - деди вазир. Петков ҳукумати атиги олти ойлик ҳокимиятдан кейин июнь ойида қулади. Янги ҳукуматни шакллантиришнинг иложи бўлмади, шунинг учун президент Румен Радев муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказди ва муваққат техник ҳукуматни тайинлади.
2 август куни юзлаб болгарлар муваққат ҳукуматга қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиқиб, Россия газини етказиб беришни қайта тиклашга ундади, бу эса Кремлнинг Болгария иқтисодига таъсирини кучайтиради, деган хавотирни келтириб чиқаради. Россиянинг Болгариядаги элчиси 21 август куни Софияда расмийларнинг сиёсий иродаси бўлса, газ етказиб бериш қайта тикланиши мумкинлигини айтди. Аммо тўлов рублда амалга оширилиши шарти билан.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
12:50 / 28.10.2024