Жаҳон | 14:50 / 24.08.2022
23055
2 дақиқада ўқилади

«Россия Украинага қарши урушда ғалаба қозона олмайди» - НАТО бош котиби

НАТО Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлайди, деди Йенс Столтенберг украиналикларни Мустақиллик куни билан табриклар экан.

Фото: AFP

Россия Украинага қарши урушда ғалаба қозона олмайди, дейди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. У 24 август, чоршанба куни Украина Мустақиллик кунига бағишланган мурожаатида: «Украина ғалаба қозониши керак, Украина ғалаба қозонади», дея маълум қилди. Шимолий Атлантика альянси раҳбари НАТО Киевни қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлайди, деди. 

«Кучли ва мустақил Украина евроатлантика минтақаси барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга», деди Столтенберг. Шу билан бирга, ярим йилдан бери давом этаётган Россиянинг бу мамлакатга бостириб кириши «Иккинчи жаҳон урушидан бери Европа хавфсизлиги учун энг жиддий инқирозга айланди», деди у. 

Миллий байрам куни Шимолий Атлантика альянси раҳбари Украинага «куч ва муваффақият» тилади. Украина Қуролли кучлари ва бутун украин халқи ўз мамлакатини ҳимоя қилишда улкан жасорат ва қатъият кўрсатмоқда, бутун дунёни ўз намунаси билан илҳомлантирмоқда, дея қўшимча қилди у. 

Шу куни президент Володимир Зеленский украиналикларга видеомурожаат билан чиқди. «Олти ойдан сўнг улар бизни йўқ қилмоқчи бўляпти, аммо биз мустақил Украинанинг озод халқимиз. Бу бизнинг келажагимиз ҳақидаги ҳақиқат», - дея таъкидлади у. Зеленскийга кўра, украиналиклар ўз мамлакатлари мустақиллик кунини «турли шароит ва вақтда», бироқ айни пайтда «ягона мақсад – мустақиллик ва Украина ғалабасини сақлаб қолиш» билан нишонлашмоқда. 

Мавзуга оид