10:50 / 25.08.2022
3782

Беларус Ўзбекистонда дори ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Минскда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Dunyo

Ҳукумат делегацияси ташрифи доирасида Минск шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг Беларус бош вазири ўринбосари Леонид Зайц билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакат савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги жорий ҳолати муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Беларус ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия бўлажак 9-йиғилиши доирасида йирик келишувларга эришишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Етказилаётган товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва савдо ҳажмини ошириш мақсадида томонлар қўшма «Йўл харитаси»ни имзолашга қарор қилди ва икки мамлакат ҳудудида савдо-логистика марказлари, савдо уйлари ва улар қошида доимий фаолият кўрсатаётган «шоу-рум»лар ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўришга келишиб олди.

Беларус компанияларига фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда беларус тракторлари, тижорат, йўл-қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.

Томонлар тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш учун қўшма фермер хўжаликларини ташкил этиш, «Агроэкспресс» лойиҳаси асосида Беларус бозорига ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратди.

Top