Ўзбекистон | 11:27 / 25.08.2022
14915
2 дақиқада ўқилади

«Марказий Осиё давлатлари ўртасида кўринмас «Хитой деворлари» бор» —Камолиддин Раббимов

Бугун 5 та республика ўртасида кўринмас «Хитой деворлари» ва лидерликка даъволар мавжуд. Марказий Осиё тўлақонли минтақа бўлиши учун ягона тақдир эканини англаш ҳамда ўртадаги салбий муносабатларни ювиб ташлаш керак, дейди сиёсатшунос.

Kun.uz мухбири сўнгги вақтларда фаоллашаётган Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцияга интилиш жараёнлари, бу борадаги муаммо ва ечимлар, унинг сиёсий оқибатлари мавзусида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

Марказий Осиё давлатлари интеграцияга интилишни ривожлантириш ва кейинги мустаҳкам қадамларни қўйишда нималарга эътибор қилиши керак?

– Дунёда мавжуд катта тажрибага кўра, давлатлардан ҳам кўра аввало жамиятлар интеграциялашуви лозим. Бугун 5 та республикалар ўртасида кўринмас «Хитой деворлари», миллатлараро муносабатларда салбий нуқталар ёки лидерликка даъволар мавжуд. Тўлақонли минтақа бўлиш учун – ягона тақдир эканини англаш керак. Бунинг учун ўртадаги салбий муносабатларни ювиб ташлаш, уларга тизимли ечимни йўлга қўйиш ва ягона субсвилизация эканини намойиш қилиш керак.

Евроиттифоқда давлатлар ўртасида чегара эмас, ёзувлар бор холос. Бизда эса минтақани қўйиб туринг, Ўзбекистондаги вилоятлар ўртасида ҳам баҳайбат дарвозалар, тўсиқларни кўриш мумкин. Ҳақиқий интеграция бу инсонлар, ғоялар, фикрлар, товарлар ва хизматларнинг эркин, ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиш қобилиятидир. Ҳукуматлар, жамиятлар ва одамлар онгидаги чегараларни олиб ташлаш керак. Бунинг учун биз жудаям кўп иш қилишимиз ва дунё тажрибасидан кенг фойдаланишимиз керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид