Марказий Осиёда хитой диаспораси катта суръатларда ошмоқда — эксперт
“Бугунги кунда Тожикистон аҳолисининг кўпчилиги Россияда ишлаб юрган бир вақтда, Тожикистондаги катта-катта объектларни асосан хитойликлар қуряпти. Қозоғистонда эса ҳозирнинг ўзида 600-700 минг хитойлик мавжуд, 20 йилдан кейин хитойликлар Қозоғистонда энг катта диаспорага айланади”, дейди профессор Анвар Йўлдошев.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги сонида МО–ХХР муносабатларининг нозик жиҳатлари таҳлил ва баҳс объектига айланди.
Тарих фанлари доктори, сиёсий фанлар номзоди Анвар Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Хитойнинг Марказий Осиёга иқтисодий кўмаги ҳажми жуда катта, буни инкор этиб бўлмайди. Шу билан бирга, минтақада қазилма бойликларни ўзлаштириш соҳасида ХХР компанияларининг ўрни ортиб бормоқда.
“Бугунги кунда Қозоғистон нефт-газ соҳасининг 30 фоизи, Қирғизистон олтин қазиб чиқариш соҳасининг 70 фоизи, Тожикистоннинг 80 фоиз олтин қазиб чиқариш соҳаси хитойлик компанияларнинг қўлига ўтган. Туркманистон эса қарзларининг эвазига газ беряпти Хитойга”, – дейди у.
Профессор Марказий Осиё давлатларида Хитой диаспорасининг ошиб бораётгани ҳақида ҳам сўз юритди.
“Бугунги кунда Тожикистон аҳолисининг кўпчилиги Россияда ишлаб юрган бир вақтда, Тожикистондаги катта-катта объектларни асосан хитойликлар қуряпти. Қозоғистонда эса ҳозирнинг ўзида 600-700 минг хитойлик мавжуд, 10 йилдан кейин уларнинг сони 3 баробарга ошади, 20 йилдан кейин хитойликлар Қозоғистонда энг катта диаспорага айланади”, – деди Анвар Йўлдошев.
Сиёсий таҳлилчи Шуҳрат Расул табиий бойликларни ўзлаштириш учун энг қулай шартлардаги таклифни Хитой компаниялари беришини таъкидлади.
“Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон сингари давлатлардаги табиий ресурсларни ўзлаштириш учун маълум салоҳият керак. Бу салоҳият ё ғарбда, ё Хитойда бор. Бошқа ҳеч кимда йўқ. Мана шу иккита дилеммада, ким бизга яхши таклиф берса, шуни қўллаб-қувватлашимиз керак. Улар олиб кетиб қолар экан, десак, биринчидан, пулини тўлаб кетяпти. Иккинчидан, ўзимизда салоҳият йўқ бўлса... Қозоқ, ўзбек, қирғизлар мана 3 минг йилдан бери эшак миниб юрибмиз-ку, оёғимиз остида миллиард-миллиард бойлик борлигини ҳатто билмаймиз ҳам. Бу табиий бойликларнинг ҳаммасини ҳали улар девалвация бўлмасдан туриб чиқариб олиб, фойда қилиш тўғри эмасми? Нефт ҳам девалвация бўляпти, 10 йилдан кейин дунёда нефтнинг мақоми ҳозиргидек бўлмайди.
British Petroleum, Shell каби ғарб компаниялари, ёки Хитойнинг шунга ўхшаш ўнга яқин компанияси – технологиялар фақат шуларда. Бизда технологиямиз йўқ бўлса, инжинерлик ресурсларимиз йўқ бўлса, яна шу эшакни миниб юраверишимиз керакми?
Трансмиллий компанияларнинг стандарт шартлари бор. Сизда шунча нефт, шунча газ бор экан, шуни ўзлаштирайлик дейди. Кейин маҳсулотни тақсимлашга келган пайтда айтади: мана, бизда технологиямиз, қуролларимиз бор, сизга масалан 25 фоиз, бизга 75 фоиз дейди. Йўқ десангиз, бурилиб кетиб қолади. Хитой келса ҳам шу гапни айтади, Eni, TotalEnergies, Shell, BP келса ҳам шу гапни айтади”, – дейди Шуҳрат Расул.
Мавзуга оид
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
17:13 / 20.12.2024
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишининг бошланиш санаси маълум бўлди
12:46 / 20.12.2024
Хитойда «Темирйўлкарго» юк операторининг ваколатхонаси очилди
20:11 / 19.12.2024