Марказий Осиёнинг Ғарб учун аҳамияти ошдими?
Ўзбекистон ва Қозоғистонда иккинчи президентлар ҳокимиятга келиши ҳамда Россиянинг Украинага босқинидан кейинги даврда Марказий Осиё ва Ғарб муносабатлари сифат ўзгаришларига учрамоқда. Kun.uz минтақанинг АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО билан муносабатларидаги асосий нуқталар ҳақида сўз юритиш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчиларни таклиф этди.
Таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг сўзларига кўра, Европанинг Марказий Осиёга нисбатан қизиқишлари кўп жиҳатдан минтақанинг табиий бойликлари, энергия ресурслари билан боғлиқ.
“Улар Туркманистон газига ҳам қизиқишади. Туркманистон гази Озарбойжон орқали Каспий денгизидан ўтиб Ғарбий Европага етиб бориши тўғрисида лойиҳа ҳам мавжуд”, дейди у.
Айни пайтда, Ғарбий Европанинг МОдаги энг катта савдо ҳамкори Қозоғистон ҳисобланади. 2023 йилда Қозоғистон билан Ғарбий Европа давлатлари ўртасидаги савдо айланмаси 41 млрд долларни ташкил этган, дейди таҳлилчи.
Шуҳрат Расулнинг қайд этишича, Ғарбнинг МОга қўядиган бир неча талаблари бор. Булар: гендер тенглиги, демократия, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш сингари. “Бу масалаларга бўлган талаблар охирги 3 йилликда анча пасайди. МО давлатлари мустақил бўлганидан кейин кўплаб Ғарб давлатлари улар билан муносабатларни қуришда минтақада бу масалаларга бўлган қарашлар ўз мафкураларидан фарқ қилишини инобатга олишмаган. Ҳозир уларнинг бу борадаги қарашлари анча прагматик”, дейди у.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 2019 йилда Европа Иттифоқи МОга нисбатан стратегиясини янгилаганини эслатди.
“2016 йилгача Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузувчи давлат сифатида кўрилар эди, аммо вазият анча ўзгарди ва Ғарбнинг бу борадаги позицияси ҳам анча юмшади. Минтақанинг геосиёсий мустақиллиги Хитой ва Россиянинг тийиб турилишига боғлиқ. Агар МО геосиёсий мустақиллигини бой берса, мана шу икки давлатдан бири томонидан ёки ҳар иккаласининг таъсир доирасига тушиб қолиши мумкин”, – дейди у.
Сиёсий таҳлилчига кўра, яқин-яқингача Ғарб Марказий Осиёга Афғонистон призмаси орқали қараган. “Ғарбий Европанинг стратегик вазифаси Афғонистонда давлатчилик шакллантириш ва буни МО қўллаб-қувватлаши, минтақада авторитар давлатлар – Россия ва Хитойнинг иштирокига баланс яратиш эди. Украина уруши бошлангани сабабли Хитой ва Россияни тийиб туриш жараёни янада фаоллашди. Хитойнинг глобал майдондаги амбициялари анчагина кучайди”, – дейди Раббимов.
Сиёсий таҳлилчи Абдували Сойибназаров ҳам шу фикрда. “Ғарбнинг МО бўйича сиёсатидаги устувор масала – Хитой ва Россияни геосиёсий жиҳатдан тийиб туриш. АҚШ давлат котиби Майк Помпео 2020 йил феврал ойида Марказий Осиёга ташрифи мобайнида: “Биз МО давлатлари учун Россия, Хитой билан кураш олиб бормаймиз, балки бу давлатларнинг суверенитетини ҳимоя қиламиз” деб таъкидлаган эди. Аммо Украина воқеалари Ғарбни сергакликка чорлади ва минтақадаги геосиёсий мувозанатга эътиборини кучайтиришга ундади”, дейди у.
Марказий Осиё давлатлари эса Ғарбдан инвестициялар, ҳамкорлик масаласида муносабат ўрнатишдан манфаатдор, дейди Сойибназаров. Унинг сўзларига кўра, 1974 йилда АҚШ томониан коммунистик блок мамлакатларига қарши жорий этилган савдо чекловлари – Жексон Веник қонуни бекор қилиниши муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассисларнинг мавзу борасидаги фикрлари билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:42
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:47 / 11.11.2024
Геосиёсий ҳафта таҳлили: Трампдан умид қилаётган Россия ва Ҳамас атрофидаги миш-мишлар
16:34 / 08.11.2024