Ўзбекистон | 11:12 / 30.08.2022
8938
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодий суд 9 тоифадаги аризаларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлди

Олий суд арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни судда кўришга оид қонун ҳақида маълумот берди.

Фото: Shutterstock

2021 йил 16 февралда қабул қилинган "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги қонун билан иқтисодий суд ваколатига 9 тоифадаги аризаларни кўриб чиқиш киритилган. 

"Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламентга киритилди. Ушбу қонун 16 май куни қабул қилинди.

Янги қонун билан Иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий судлар томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар рўйхати белгиланди. Улар жумласига қуйидагилар киритилди:

  • арбитрни тайинлаш, рад этиш ёхуд ваколатлари амал қилишини тугатиш ёки арбитраж суди юрисдикцияси масаласи юзасидан қарор қабул қилиш тўғрисидаги ишлар (тарафлар арбитр шахси ёки арбитраж суди ваколатлари бўйича келишувга эришмаганда қўзғатилади);
  • далилларни олишга кўмаклашиш, даъвони таъминлаш чорасини кўриш ёки уни ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар (арбитраж суди фаолиятига кўмаклашиш зарур бўлганда қўзғатилади);
  • арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар (тарафлар арбитраж қароридан норози бўлганда ёки ушбу қарор ихтиёрий равишда ижро этилмаганда қўзғатилади).

Арбитраж муҳокамасида ҳар доим бир тараф хорижий давлат резиденти бўлишини ҳамда чет элликлар билан боғлиқ ишларни кўриш учун муайян тажриба зарурлигини инобатга олиб, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилиши белгиланди.

Иқтисодий процессуал кодексига судлар томонидан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўриш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилди. Унга кўра:

иқтисодий суд томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар аксарияти арбитраж суди фаолиятига тааллуқли бўлгани сабабли манфаатдор шахслар аризаларни арбитраж жойлашган жойдаги иқтисодий судга тақдим этиши;

арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кунлик, даъвони таъминлаш чораси билан боғлиқ ишлар эса 1 кунлик муддатда кўриб чиқилиши;

арбитрни тайинлаш, рад этиш ёки ваколати амал қилишини тугатиш, арбитраж суди юрисдикциясини аниқлаш ёки унга далилларни олишга кўмаклашиш билан боғлиқ ишлар арбитраж судига кўмаклашиш мақсадида қўзғатилганини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суд ажрими устидан шикоят қилинмаслиги;

даъвони таъминлаш чораси, арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки уни ижрога қаратиш билан боғлиқ ишлар тарафлар манфаатларига бевосита таъсир қилишини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суд қарори устидан шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид