Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуёшнинг фаоллиги ва геомагнит бўронлари Ер юзини интернетсиз қолдирадими?
Фаоллигининг 11 йиллик циклида максимум нуқтасига келган Қуёш сиртида янги қўш доғ пайдо бўлди. Унинг ўлчами Қуёш тизимидаги айрим сайёралардан ҳам катта. Бу доғ Ерда яшаётганлар учун қандай оқибатлар келтириб чиқаради?
Сомон йўли галактикаси 100 млрддан ортиқ юлдузларни жамлаган ва улардан бири – бизнинг Қуёшимиз. Бу газли шар Қуёш тизимининг 99,8 фоиз массасига эга, унинг диаметри Ер диаметридан 109 баробар каттароқ.
Юлдузимизнинг қаърида содир бўлаётган ядровий реакциялар туфайли Қуёш сиртида ҳарорат Целсий шкаласи бўйича 5000 даражага етади. Шу сабабли у астрономларнинг диққатини ўзига жалб қилган жуда қизғин ва қизиқарли объект ҳисобланади.
Қуёш сиртида кузатиладиган доғлар сайёрамиз ўлчамидан ҳам бир неча баробар катта. Бу доғлар ҳар 11 йилда Қуёшда рўй берадиган табиий цикл – юлдузнинг коинотдаги «об-ҳаво»га таъсир ўтказувчи фаоллигидан сўзлайди.
Қора доғлар қуёш чақнашларига сабаб бўлади, чақнаш туфайли тожсимон отилишлар содир бўлади. Натижада Қуёшни ўраб турган фазога магнит заррачаларидан иборат булутлар ажралиб чиқади.
Геомагнит булутлар инсоният учун янгилик эмас, 1859 йилги Қуёш фаоллиги тарихдаги энг кучли геомагнит бўронига сабаб бўлган, 1989 йилги бўрон эса электр ускуналарини ишдан чиқарган.
Бундай табиий офат бугунги кунларда ҳам рўй бериши мумкинми? Астрономлар бу саволга жавобни бор-йўғи 48 соат ичида ўлчамларини ниҳоятда катталаштирган Қуёш доғларини кузата туриб топишга ҳаракат қилишмоқда. Бу ҳақда Hi-news.ru мақоласида сўз боради.
Қуёш цикли
Бошқа юлдузлар сингари Қуёш ҳам унинг магнит майдони ҳамда 11 йиллик циклини шакллантирувчи водород ва гелий атомлари ядроси – зарядланган зарралари «омихта»сидан иборат қайноқ газли шардан иборат. Бу ҳар 11 йилда юлдузнинг шимолий ва жанубий қутблари унинг сирти фаоллигига таъсир кўрсатиб, ўз ўрнини алмаштиришини билдиради. Мана шу аснода Қуёш доғлари ҳам пайдо бўлади.
Оддийроқ қилиб айтганда, вақт ўтиши билан Қуёш фаоллашади ва унинг сиртидаги доғлар миқдори орта бошлайди. Циклнинг бошланишини тадқиқотчилар Қуёш минимуми деб атайди, ўртасини эса Қуёш максимуми.
Астрономлар Қуёш цикли давомийлигини кузатишга кўп вақт сарфлашади: бунинг ёрдамида Ер юзасида кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли бўлган космик об-ҳавони олдиндан айтиш мумкин. Тожсимон ажралишлар Халқаро космик станциядан ташқарида ишлаётган космонавтларга ҳам хавф туғдириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, тожсимон ажралишлар деганда тадқиқотчилар Қуёш тожи – юлдузнинг энг юқори, энг сийрак ва қайноқ қатламидан модда ажралиб чиқишини назарда тутишади.
Қуёш доғлари – бу юлдуз сиртидаги кучли магнит майдонларига эга соҳа бўлиб, Ердан туриб кузатилганда улар юлдузнинг бошқа сиртларига қараганда қорамтирроқ бўлиб кўринади. Айрим доғлар бутун бир сайёра катталигида бўлади, уларнинг яқинидаги магнит майдонлари чизиқлари кўпинча чалкашиб кесишади.
Қуёш фаоллиги
Яқинда олимлар Қуёш сиртида тўғри бизга «қараб турган» доғни пайқаб қолишди. Ҳайратланарлиси, у оддий чақнашдан бир неча куни ичида ўлчамини ўн баробарга ошириб, Қуёш тизимимиз сайёраларидан ҳам катта доғга айланди. Бу гигант доғ AR3085 деб номланди ва тадқиқотчиларнинг фикрича, сайёрамизга ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бахтга кўра, айни дамда доғ сайёрамизда яшовчиларга хавф туғдирмайди – Ер атмосфераси ундан келаётган зарарли нурланишдан сақлай олади.
Маълумотларга кўра, Қуёш фаоллиги даврида кузатилган маълумотларга асосланиб, Қуёш 11 йиллик циклининг энг чўққисига яқинлашмоқда, деган хулосага келишган, бу эса магнит қутбларининг ўрин алмашишига олиб келади (шимолий қутб жанубийга айланади ва аксинча).
Бундай ҳодисалар экстремал космик об-ҳавони вужудга келтиради ва йирик қуёш бўронига ҳам айланиб кетиши мумкин. Бундай ҳодисаларни аввалдан айтиш учун олимлар геомагнит бўронлар бошланишидан 48 соат олдин огоҳлантирувчи махсус алгоритмлар ишлаб чиқишган.
Қуёш сиртида содир бўладиган ҳодисаларни доимий ўрганиш тарихда илк бор бизга AR3088 каби айланувчи магнит майдонига эга доғни кузатиш имконини бермоқда, дейишмоқда мутахассислар.
Қуёш фаоллигининг янги моделларини яратиш учун экспертлар NASA Pleiades суперкомпютери ва бир неча телескопларнинг ёрдамига таянишди. Бу шундай ишлайди: янги моделлар Қуёш доғлари пайдо бўлиши ҳамда унинг фаоллиги имитиациясини яратади ва астрономлар эса илгари ҳеч кузатилмаган Қуёш қутблари ўртасидаги ўзаро боғланишни кузатиш имконини беради.
Геомагнит бўронлар
Қуёш чақнашларининг нурланиши ҳам Ер магнит майдони ишига таъсир ўтказади – унинг жунбишга келиши бир неча соатдан бир неча сутка давом этадиган геомагнит бўронларга сабаб бўлиши мумкин. Кўпинча экстремал космик об-ҳаво юрак-қонтомир касалликларига эга инсонларда жиддий муаммолар келтириб чиқаради.
Spaceweather порталининг хабар беришича, AR3085 доғи тожсимон массанинг кучли ажралиб чиқишига ва кучли меомагнит бўронига сабаб бўлиши мумкин. Бундай кучли геомегнит бўрон Ер юзини бир неча ойга тош асрига улоқтириб ташлаши мумкин.
National Geographic нашрининг ёзишича, ўта кучли геомагнит бўронлари миллионлаб инсонларни электр чироғисиз, ичимлик сувисиз, иссиқлик, канализация, интернет ва телефон алоқасисиз қолдириши мумкин.
Хўш, кучли геомагнит бўронига дучор бўлсак, нима қилишимиз керак? Эҳтимолли оқибатларни олдиндан айтиш учун тадқиқотчилар аввалги бўронларни ўрганишади. Космик эрада бунақаси сўнгги марта 1989 йилнинг мартида рўй берган. Ўшанда Канаданинг Квебеки электр энергиясиз қолган. АҚШнинг кўплаб шаҳарларида электр энергияси узатиш билан боғлиқ муаммолар кузатилган.
Бугун йирик мегаполисларга хизмат кўрсатаётган электр энергияси тизимларига магнит бўронларининг таъсири 50 миллиондан ортиқ аҳоли учун ёппасига блэкаут ҳосил қилиши мумкин. Бу ҳолатда технологик жараёнларнинг тикланиши учун ойлаб вақт талаб этилади. Бахтга кўра, яқинда рўй берган магнит бўронлари чоғида сунъий йўлдошли алоқа воситалари кўп ҳам зарар кўрмади.
Қоронғилик қаърида
Геомагнит бўронларнинг энг нохуш оқибатларидан бири сифатида тадқиқотчилар интернетнинг йўқ бўлиб қолишини санашмоқда.
Коммуникациялар бўйича ўтган йили ўтказилган конференцияда олимлар «Геомагнит бўронлар: интернет апокалипсисига тайёргарлик» сарлавҳаси остида ҳисобот тақдим этишди. Унда олимлар қитъалар ва мамлакатларни боғловчи сув остидаги кабелларга зарар етадиган бўлса, сайёрамиз интернетсиз қолиши мумкинлигидан хабар беришган.
Шу сабабли тадқиқотчилар жаҳон етакчиларини эҳтимолли таҳдидга тайёргарлик кўришга чорлашган.
Мавзуга оид
19:25 / 11.03.2026
Қуёш фаоллиги 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди
22:21 / 03.08.2025
Қуёшда кучли чақнаш рўй берди
13:02 / 29.07.2025
Қуёшда қолган ичимликлар гормонал бузилиш ва бошқа хавфли касалликларни юзага келтириши мумкин
21:37 / 14.05.2025