10:37 / 01.09.2022
6384

АЭХА миссияси Енергодардаги ЗАЭСни текширишга тайёрланяпти

Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг ядро мутахассислари 1 сентябрдан бошлаб Запорижжя АЭСни текширишни бошлашни режалаштирмоқда. 

Фото: Getty Images

1 сентябр, пайшанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) инспекторлари Енергодардаги Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС)га ташрифини бошлашга ҳозирлик кўрмоқда. Бир кун аввал миссия иштирокчилари станциядан 55 километр узоқликда жойлашган Россия томонидан босиб олинган Запорижжя шаҳрига етиб келишди.

АЭХА ходимлари ЗАЭС ҳудудида бир кун қолади, деди 31 август куни Запорижжя области оккупацион маъмурияти «раҳбари» Евгений Балицкий. Ўз навбатида, агентлик мутахассислари узоқроқ қолишга умид қилмоқда. 

«Агар биз доимий қолиш ёки узоқроқ иштирок этишга муваффақ бўлсак, у ҳолда муддатлар узайтирилади. Аммо бу биринчи босқич бир неча кун давом этади», деди миссияга раҳбарлик қилаётган АЭХА бош директори Рафаэл Гросси журналистларга. 

Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) уруш пайтида Запорижжя областининг муҳим қисмини эгаллаб олган россияликлар халқаро агентлик инспекторлари ташрифига тўсқинлик қилишда давом этишини айтганди. 

«Хусусан, станциянинг ўзини ҳам, АЭХА вакилларининг келиши мумкин бўлган йўналишларини ҳам провокацион ўққа тутишлар тўхтамаяпти, - дейилади хабарда. - Станция ходимлари қаттиқ репрессияларга учрамоқда. Оккупантлар етарли даражада «ишончли» бўлмаган айрим ишчилар ғойиб бўлган. Уларнинг тақдири ва ҳозир қаерда экани номаълум». 

Украина разведкаси маълумотларига кўра, турли сабабларга кўра оккупантлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган ЗАЭС ходимларининг бир қисми, шунингдек, махсус тайёрланган «массовка» миссия аъзоларида маҳаллий аҳоли оккупантлар ҳаракатини тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги таассурот қолдириши керак. «Ҳозирда россиялик технологлар улар билан сценарийни ишлаб чиқиш ва Кремль учун зарур бўлган «сурат»ни яратиш устида ишламоқда», - дейилади РББ хабарида.

 

Top