Жаҳон | 09:41 / 10.09.2022
8435
3 дақиқада ўқилади

АҚШ яна Навалнийни зудлик билан озод қилишга чақирди

Вашингтон Алексей Навалнийнинг адвокат билан мулоқот қилишига тўсқинлик қилинаётганидан ва майда қоидабузарликлар учун мунтазам равишда жазо камерасига юборилаётганидан «қаттиқ хавотирда».

Фото: Picture Alliance

Қўшма Штатлар яна Алексей Навалнийни зудлик билан озод қилишга чақирди. Давлат департаменти матбуот котиби Нэд Прайс 8 сентябр, жума куни Вашингтон Россия ҳукумати Владимир областидаги 6-сонли тартибли колония (ИК-6)да жазо ўтаётган россиялик мухолифат етакчисига қандай муносабатда бўлаётганидан «қаттиқ хавотирда» эканини айтди.

Прайснинг таъкидлашича, колония маъмурияти Навалнийнинг адвокати билан мулоқот қилишига тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари, мухолифатчи мунтазам равишда жазо изоляторига (ЖИЗО) жўнатилади ва бу у томонидан содир этилган кичик қонунбузарликлар билан оқланяпти, дея қўшимча қилди Давлат департаменти вакили.

Навалнийга нисбатан бундай муносабат россиялик мухолифат етакчисига нисбатан «сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганининг далилидир», дея Прайс сўзларидан иқтибос келтирган Reuters.

9 сентябр куни Навалнийнинг ижтимоий тармоқларида ИК-6 раҳбарияти уни адвокатлик сири имтиёзидан маҳрум қилгани, бу мухолифатчи «жиноятчилик билан шуғулланишни тўхтатмаётгани» билан изоҳлангани ҳақида хабар пайдо бўлди. Энди сиёсатчи ўз адвокатини ёлғиз кўра олмайди ва адвокатнинг барча кирувчи ва чиқувчи ҳужжатлари уч кунлик текширувдан ўтказилади. Шу муносабат билан Навалний унинг ҳимояга эга бўлиши ҳуқуқи бўйича «расмий равишда ҳеч нарса қолмаганини» ёзди. 

Шу билан бирга, август ойининг бошидан бошлаб, колония раҳбарияти Навалнийни, масалан, иш кийимининг юқори тугмаси ечиб қўйилгани ёки «жуда сиёсий фаоллиги» каби «қоидабузилишлар» учун мунтазам равишда ЖИЗОга юбора бошлади. 12 августдан 8 сентябргача мухолифатчи ЖИЗОда 21 кун ўтказди ва энди яна 12 кунни ўтказади. 

Сентябр ойи бошида Навалний Владимир колонияси бошлиғига қарши маъмурий даъво киритгани, буни тугмаси ечиб қўйилгани учун жазо камерасига ўтказилишини ноқонуний деб топиш мақсадида қилганини билдирди. 11 август куни сиёсатчи ўз ижтимоий тармоқларида «жазони ижро этиш тизими корхоналарида ишлайдиган фуқаролар» касаба уюшмаси ташкил этилишини маълум қилди. Шу муносабат билан у колония маъмуриятидан огоҳлантириш олди, кейинчалик бу бўйича судга шикоят қилди. 

Мавзуга оид