Жаҳон | 10:05 / 12.09.2022
4810
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Жанубий Кавказни миналардан тозалаш учун пул ажратади

2021 йил ноябрида Вашингтон Тоғли Қорабоғдаги портламай қолган миналарни йўқ қилиш билан шуғулланувчи ташкилотларга 500 минг доллар ажратилишини эълон қилди. Кейинги 2 миллион бу ишни давом эттиришга хизмат қилади, деб хабар берди Давлат департаменти.

Фото: Anadolu agency

Вашингтон 2020 йил кузида Жанубий Кавказдаги Арманистон-Озарбойжон можаросининг авж олиши оқибатида зарар кўрган ҳудудларни миналардан тозалаш амалиётларига гуманитар ёрдам сифатида 2 миллион доллар ажратмоқда. Бу ҳақда 11 сентябр, якшанба куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

«Миналар ва портламаган ўқ-дорилар тинч аҳолини ўлдиришда ва майиб қилишда давом этмоқда, иқтисодий ривожланишга ва кўчирилган одамларнинг хавфсиз қайтишига тўсқинлик қилмоқда», деб таъкидлади Давлат департаменти. Қайд этилишича, 2021 йил ноябрь ойида Қўшма Штатлар минтақани миналардан тозалашда иштирок этган ташкилотларга 500 минг доллар ўтказилишини эълон қилган.

«Қўшма Штатлар анъанавий қуролларни йўқ қилиш бўйича дунёдаги энг йирик ҳомий ҳисобланади. 1993 йилдан бери у миналар ва портламаган ўқ-дорилар томонидан тинч аҳоли учун юзага келадиган таҳдидларни бартараф этиш орқали халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун 100 дан ортиқ мамлакатларга 4,7 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди» , - таъкидлади Америка ташқи сиёсат идораси матбуот хизмати.

Арманистон-Озарбойжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича можаро 2020 йилнинг 27 сентябрида ушбу минтақада фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланганида кескинлашди. Ўша йилнинг 9 ноябрига қадар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида асосан арманлар истиқомат қиладиган бу ҳудуд учун уруш олиб борилган эди. 6,5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган уруш натижасида Озарбойжон Қорабоғнинг салмоқли қисмини ўз назоратига қайтарди.

Россия воситачилигида Ереван ва Боку ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади, Россия тинчликпарвар кучлари чегара чизиғига олиб келинди, бироқ минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда.

2022 йил 3 август куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги «Қасос» деб номланган махсус ҳарбий операция давомида Қорабоғдаги бир неча тепаликлар қўлга киритилганини эълон қилди. Ўз навбатида, Арманистон Озарбойжон «ўрмаловчи оккупация» сиёсатини олиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, томонлар бир-бирини уч томонлама сулҳ битимини бузганликда айблади.

Август ойи охирида Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғловчи Лочин йўлагида жойлашган стратегик аҳамиятга эга Лочин шаҳри Боку назоратига ўтганини маълум қилган эди. 

1991 йилда СССР парчаланганидан сўнг Тоғли Қорабоғ республикаси бир томонлама равишда Озарбойжондан мустақиллигини эълон қилди, аммо дунёнинг ҳеч бир давлати уни тан олмади. Шундан кейин 1992-1994 йилларда бошланган урушда ҳар икки томондан 25-30 минггача одам ҳалок бўлди, бир миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. 

Можарони тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган музокаралар жараёни 1992 йилда бошланган, ўшандан бери у Россия, Франция ва АҚШ ҳамраиси бўлган ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳомийлигида давом этмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид