Жаҳон | 18:21 / 12.09.2022
29994
14 дақиқада ўқилади

Қиролича Елизавета II ва унинг 15 бош вазири

Конституциявий монархнинг замонавий демократик мамлакатдаги фаолияти нозик сим устида мувозанатни сақлашга ўхшайди.

Фото: TERRY O'NEILL / GETTY IMAGES

Елизавета II билан ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлган барча бош вазирлар унинг конституция томонидан қўйилган чекловларни бузмаган ҳолда мамлакат бошқарувига муҳим ҳисса қўшганини айтишади.

Британия конституциясига кўра (у асосан парламент томонидан қабул қилинган актлар ва қонунлар мажмуасидан иборат, лекин битта китоб шаклида эмас), монарх ҳукуматнинг барча қарорларидан хабардор қилиниши шарт. Шунингдек, у ҳукуматга маслаҳат бериш ва уни шошилинч қадамлардан огоҳ қилиш ҳуқуқига эга.

Елизавета II ўз ҳукмронлиги даврида Вазирлар маҳкамаси қилаётган барча ишлардан хабардор қилиб турилишини талаб этган, шунингдек, бош вазир билан мунтазам ва шахсий суҳбатларда ўз фикрини билдиришдан тортинмаган.

Сэр Уинстон Черчилл ва қиролича Елизавета ўртасида катта ёш фарқи бўлишига қарамай, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган қалин муносабат ўрнатилганди. Фото: Getty Images

Ёш қиролича ҳукмронлигининг дастлабки йиллари омадли келди ва 1951 йилги сайловлардан кейин Даунинг-стритга бош вазир сифатида яна қайтган Уинстон Черчилл каби сиёсий гигант қаноти остида ўтди.

Бир куни у малика Елизавета ёш қизча бўлишига қарамай, ўзини ишончли ва сипо тутганидан ҳайратда қолган эди.

Ёш орасида катта фарқ бўлишига қарамай (Черчилл Елизаветанинг катта бувиси қиролича Виктория ҳукмронлиги давридаги Иккинчи Бур урушида қатнашган), уларнинг муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч билан ажралиб турарди.

У қиролича бўлганидан кейин Черчилл аудитория олқишлари остида шундай деди: «Ажойиб хулосага келдим: қиролича хато қилмайди».

Бош вазирнинг монарх билан муносабати

Аслида, Британия бош вазирлари ва қиролича ўртасидаги муносабатлар қандай бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди.

Агар тарихга мурожаат қилсак, қиролича Виктория билан алоҳида муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлган ва бу борада катта муваффақият қозонган Бенжамин Дизраелини эслаш мумкин.

Асосий сиёсий рақиби Уилям Гладстондан фарқли ўлароқ, Консервативлар партияси раҳбари Дизраэли монарх билан қандай мулоқот қилишни жуда яхши билган.

«Ҳамма хушомадни яхши кўради. Агар биз тож эгалари ҳақида гапирадиган бўлсак, уларга хушомадни белкурак билан отишимиз керак», деганди у.

Елизавета II ва бош вазирлар ўртасидаги муносабат қандай бўлишидан қатъи назар, уларнинг барчаси бир масалада якдил бўлган: ҳукмдор ҳеч қачон ўз бурчи деб биладиган нарсалардан чекинмаган.

Ҳар куни у камида уч соат вақтини ҳукумат ҳужжатлари, мактублар, ҳисоботлар ва тайинланган мулозимлар рўйхатини ўрганишга сарфлаган. Шу ва бошқа масалалар саройдаги ҳафталик қабул давомида муҳокама қилинган.

Ҳаролд Макмилланнинг истеъфоси қиролича ҳукмронлиги давридаги иккинчи сиёсий инқирозни юзага келтирганди.

Тўғри, баъзида бу расмий учрашувлар бошқа жойларда ҳам ўтказиларди. Ҳар бир бош вазирнинг ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири Шотландиядаги Балморал қасрига ташриф буюриш бўлган – қиролича оиласи у ерда ёзги таътилни ўтказган. Британия конституциясида бош вазир ҳар ҳафта қиролича билан учрашиши шартлиги ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган бўлса-да, бу азалий анъанага айланган. Баъзан юзма-юз учрашиш ўрнига телефон орқали суҳбат қилинган, лекин барибир фикр алмашиш ҳар доим бўлган.

Бош вазир қароргоҳи бўлмиш Даунинг-стритдаги 10-уй соҳиблари Ҳазрати Олиялари нозик сиёсий масалаларни инстинктив равишда яхши тушунишини таъкидлаган.

Мажбуриятлардан воз кечиш

Елизаветанинг ўз конституциявий ҳуқуқларидан оқилона фойдалана билиш қобилияти, айниқса, 1957 йилда Сувайш канали билан боғлиқ инқироз ва бош вазир Энтони Иден истеъфосидан кейин юзага келган сиёсий ғалаёнда маҳоратини намоён қилгани мақтовга сазовор бўлган.

Ўша пайтда Консерваторлар партиясида янги раҳбарни сайлаш тартиби ҳали ишлаб чиқилмаган ва керакли номзод қандайдир тарзда ўз-ўзидан топилиб қолишига ишонишарди.

Қиролича Черчилл ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан маслаҳатлашди ва шундан сўнг Ҳаролд Макмилландан янги ҳукумат тузишни сўради. Амалда партия раҳбарини тайинлаш жараёнига гўё қиролича аралашаётган эди.

Бу кўплаб сиёсатчиларни ҳайратда қолдирди. Чунки Иден истеъфосидан кейин унинг ўринбосари Батлер бош вазир бўлиши кутилаётганди. Худди шундай вазият бир неча йил ўтгач, Макмиллан соғлиғи туфайли истеъфога чиққанида ҳам юзага келди.

Иден истеъфога чиққанидан кейин юзага келган муаммоларга қарамай, Консерватив партия барибир янги раҳбарни сайлашнинг расмий тартибини ишлаб чиқиш билан шуғулланмади. Қиролича шифохонага бориб, Макмиллан билан суҳбатлашди. Шундан сўнг граф Ҳюм билан боғланиб, янги ҳукумат тузишни сўради.

Унинг хатти-ҳаракатларида конституцияга зид ҳеч нарса бўлмаса-да, партиянинг кўпчилик аъзолари нима учун ҳукуматнинг янги раҳбари ҳеч бўлмаганда Вазирлар маҳкамаси билан маслаҳатлашмасдан танланганига ҳайрон бўлишади.

Яна бир муаммо шунда эдики, Ҳюм Лордлар палатаси аъзоси эди ва 1902 йилдан бери ҳеч ким бир вақтнинг ўзида парламентнинг иккала палатасига раҳбарлик қилмаганди.

Бундай амалиёт қайта бошланиши ҳеч кимга ёқмади ва Ҳюм Лордлар палатасини тарк этди, ўз округидаги сайловда муваффақият қозониб, сиёсатга Сэр Алек Дуглас-Ҳюм сифатида қайтди.

Консерваторлар монархни яна ноқулай аҳволга солмаслик учун, янги раҳбар танлаш қоидаларини фақат 1965 йилда ишлаб чиқишди.

Халқ норозилиги кучайиши

1964 йилда Ҳаролд Уилсон қиролича даврида Лейбористлар партиясидан биринчи бош вазир бўлди. Унинг парламентдаги фракцияси давлат бюджетидан қироличанинг расмий вазифаларини молиялаштиришни ошириш режаларига кескин эътироз билдирди.

Уилсон кабинетининг энг нуфузли аъзоларидан бири бўлган Барбара Кастл кейинчалик монарх ҳам, бош вазир ҳам кутилмаганда иттифоқ бўлиб олишганини эслайди.

Ҳаролд Вилсон қиролича ҳукмронлиги давридаги илк лейборист бош вазир бўлганди.

«Ҳаролд қироличани жуда яхши кўрарди. У ақлли раҳбар бўлгани сабабли, жамоатчиликнинг қироличадан норозилиги кучайиши мумкинлигини тушунди», деди у.

Уилсон норозиликнинг олдини олиш учун қўлидан келганини қилди. Қиролича у билан суҳбатдан кейин мамлакатдаги кайфиятни жуда яхши ҳис қилди ва харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олишга қарор қилди.

Елизаветанинг конституциявий роли 1974 йилда ҳам яна ёрдам берди. Ўша пайтда электр энергияси тақчиллиги ва кончилар иш ташлаши Эдвард Ҳитнинг консерватив ҳукумати қулашига олиб келганди. Бироқ, у янги кабинет тузиш умидида ҳокимиятга ёпишиб олганди.

Саройдан сизиб чиққан баъзи маълумотларга кўра, малика бу парокандалик даврини ёқтирмаган ва Ҳитга ноаниқликка барҳам бериш вақти келганини тушунтирган. Шу билан бирга, у бош вазирга умуман босим ўтказмаган ва ҳеч нарса талаб қилмаган. Ҳитнинг ўзи ҳам кейинчалик у томонидан ҳеч қандай маслаҳат ёки ишора бўлмаганини айтади.

Қироличанинг Британия тарихидаги биринчи аёл бош вазири Маргарет Тэтчер билан муносабатлари ҳар доим самимий бўлмаган, айниқса Британия Ҳамдўстлиги масалаларида.

Нотинч даврлар

Тэтчер ва Британия Ҳамдўстлиги давлатларининг бошқа раҳбарлари Жанубий Африкадаги апартеид режимига қарши санкциялар қўлланишига кескин эътироз билдирган ва улар самарасиз бўлиши, аҳолининг энг камбағал қатламларига зарба беришини таъкидлаган.

Sunday Times газетаси 1986 йилда бу ҳақда ёзишича, қиролича Тэтчернинг хатти-ҳаракатлари ва суҳбатдаги тажовузкорлиги «ўзини боши берк кўчага киритиб қўяётгани»ни айтган.

Қироличанинг анъанавий вазифаси бош вазирга маслаҳат беришдан иборат. Бироқ, бу қоидадан истиснолар ҳам бўлган.

Қиролича бирор сиёсий партия фаолиятига айралашмаган.

Мисол учун, бош вазир Жон Мейжор қироличага малика Диана ва шаҳзода Чарлзнинг ажралиши билан боғлиқ жараёнда ишончли маслаҳатчи бўлган.

Шу билан бирга, Мейжор қироллик оиласи учун мана шундай нотинч даврларда ҳам Елизавета II конституция томонидан қўйилган чекловларни ҳеч қачон четлаб ўтмаганини такрорлашдан чарчамади ва Ҳазрати Олияларининг маслаҳати ўзи учун қанчалик қимматли эканини таъкидлаб келди.

Тўғри, Елизаветага фақат битта ҳолатда одамларнинг кайфиятини ҳис қила олиш қобилияти иш бермади. 1997 йилда у малика Диананинг фожиали ўлимидан кейин миллат мотамига эътиборсизлик қилганликда айбланди. Қиролича буни меҳрибон буви сифатида етим қолган невараларига ғамхўрлик қилиш учун жамоатчилик эътиборидан четда қолгани билан изоҳлади.

Аросатдаги парламент

Малика Диана вафотидан кейин юзага келган ҳолатда бош вазир Тони Блэр ОАВ билан қандай ишлаш бўйича унга маслаҳатчи бўлди. Ҳазрати Олияларига ёрдам берар экан, Блэр марҳум Дианани «халқ маликаси» деб атади ва бу ибора дарҳол оммалашиб кетиши билан тарихга кирди.

Тони Блэр малика Диана вафотидан кейин матбуот ва жамоатчиликда норозилик уйғонган вақтларда қироличанинг яқин маслаҳатчисига айланган.

Халқ малика учун аза тутаётган пайтда Елизавета Шотландиядаги Балморал қасрида эди. Айтишларича, Блэр таблоидлар томонидан қиролича устидан мағзава ағдарилмаслиги учун уни Лондонга қайтишга ва мотам тадбирларида иштирок этишга кўндирган.

Кейинчалик Блэр ўрнини Гордон Браун эгаллади. Унинг 2010 йилги умумий сайловлардаги мағлубияти бутун мамлакатни ғалати, илгари ҳеч қачон кўрилмаган вазиятга солиб қўйди.

Сайлов натижаларига кўра, бирорта ҳам партия кўпчилик овозни қўлга кирита олмади ва бу ноодатий вазиятдан қандай чиқиш керак деган савол туғилди. Қиролича сиёсий ўйинларга аралашмади, лекин коалиция музокараларида содир бўлаётган барча нарсалар ҳақида ўзини хабардор қилиш кераклигини билдирди.

Шу сабабли, фақат Гордон Браун истеъфога чиқиб, консерваторлар билан либерал демократлар коалицион ҳукумат тузиш ҳақида келишиб олганидан кейингина янги бош вазир Дэвид Кэмерон анъанавий ташриф билан саройга борди.

Дэвид Кэмерон қироличанинг 12-бош вазири эди.

Кутилмаган мағлубият

Кэмероннинг таъкидлашича, сиёсий жараёнлардан ташқарида бўлган одам билан сиёсий масалаларни муҳокама қилиш имконияти «ақл бовар қилмас даражада фойдали».

«Бу қиролича учун фойдали бўлганми ёки йўқлигини билмайман, лекин мен учун жуда фойдали бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, айнан шу суҳбатлар нима қилиш кераклигини аниқлашга ёрдам берган», деб эслайди у.

2015 йилги умумий сайловларда Дэвид Кэмерон энг кўп овоз тўплади ва коалиция ҳамкори томонидан ваколати чекланмаган тарзда, тўлақонли бош вазир сифатида Даунинг-стритдаги қароргоҳидан мамлакатни бошқаришда давом этди.

Бироқ, бу сафар унинг фаолияти қисқа бўлди. 2016 йил июн ойида британияликлар унинг маслаҳатига қулоқ солишмади ва Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз беришди.

Кэмерон кутилмаган мағлубиятни тан олди. У референдумнинг эртаси куни бош вазир ва Консерватив партия раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Консерваторлар янги раҳбар танлашга шайланишди ва дастлаб ҳамма бу жараён тахминан уч ой давом этади, деб ўйлади.

Бироқ, ҳамма нарса тезда юз берди. Бир неча сиёсатчилар ушбу лавозимни эгаллашдан бош тортгач, якунда фақат иккита номзод қолди (иккаласи ҳам аёл). Улардан бири, Андреа Лидсам пойгадан чиқишини айтди ва Тереза Мэй автоматик тарзда бош вазир бўлди.

2016 йил 13 июл куни Мэй қироличадан ҳукумат тузиш бўйича кўрсатма олиш учун Букингҳэм саройига борди. У Елизавета давридаги ўн учинчи бош вазир ва иккинчи аёл бош вазир эди.

Тереза Мэй қиролича тахтга чиққанидан кейин туғилган бош вазирлар орасидаги учинчиси эди.

2019 йил июл ойида бўлиб ўтган умумий сайловда Борис Жонсон ғалаба қозонди ва бош вазир лавозимини эгаллади. Кўп ўтмай бошланган COVID-19 пандемияси сабабли, қиролича билан ҳафталик юзма-юз қабуллар телефон суҳбати форматида ўтказила бошланди.

2020 йил мартида Covid-19 пандемияси туфайли тўхтаб қолган шахсий қабуллар 2021 йил июнига келиб тикланади.

Елизавета II ўзининг сўнгги, ўн бешинчи бош вазирини ўлимидан икки кун олдин тайинлади. Бунинг учун Лиз Трасс монархнинг Шотландиядаги қасрига 750 километр йўл босиб боришига тўғри келди.

Ўзининг сўнгги, 15-бош вазирини Елизавета II ўлимидан икки кун олдин тайинлади. Бунинг учун Лиз Трасс 750 километр масофага, монархнинг Шотландиядаги қароргоҳига учиб боришига тўғри келди. Фото: PA MEDIA

Тўрт марта умумий сайловда ғалаба қозонган ва жами саккиз йилни Даунинг-стритда ўтказган лейбористлар партияси вакили Ҳаролд Вилсон бош вазир ва монарх ўртасидаги муносабатларни қуйидагича таърифлайди: «Сиёсий курашдан бутунлай ажралган бир одам бор. У бирор партия олдида мажбуриятга эга эмас. Унинг ягона ташвиши – парламентнинг халқ иродаси ва орзу-умидлари билан ҳисоблашиши учун барча нарсани қилиш. Буни ҳеч бир президент давлатида топмайсиз».

Мавзуга оид