Ўзбекистон | 07:10 / 14.09.2022
8419
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти туман ва шаҳарлари чегаралари ўзгартирилишига сенаторлар розилик билдирди

Сенат ўттиз иккинчи ялпи мажлисида “Фарғона вилояти Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарорига оид масала кўриб чиқилди. 

Фото: Senat.uz

Таъкидланишича, бугунги кунда Фарғона вилояти шаҳарлари ва туманлари чегараларида муаммоли масалалар мавжуд бўлиб, ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли ҳаётида турли қийинчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Фарғона вилояти Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари таркибига киритилиши режалаштирилган ҳудудларда яшовчи аҳоли аксарият қисми шаҳарлардаги ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) муассасаларига қатнашига тўғри келмоқда. 

Муҳандислик-коммуникация тизимлари (электр тармоқлари, табиий газ, ичимлик суви таъминоти) корхоналари ҳам шаҳарлар ҳудудидан тортилган бўлиб, Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари таркибига ўтказилаётган ҳудудларга ушбу корхоналар томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарларида аҳоли жуда зич жойлашгани боис, шаҳарларни ривожлантириш, улар ҳудудини янада кенгайтириш каби муаммоли масалаларни юзага чиқармоқда.

Конституция ҳамда “Ўзбекистон маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонунга асосан Фарғона вилояти юқорида қайд этилган туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартириш таклифи илгари сурилмоқда. Фарғона вилояти Ўзбекистон, Данғара ва Учкўприк туманларидан жами 2,6 минг гектар ер майдони Қўқон шаҳри таркибига, Фарғона, Қўштепа ва Тошлоқ туманларидан жами 1,1 минг гектар ер майдони Марғилон шаҳри таркибига, Фарғона туманидан 812 гектар ер майдони Фарғона шаҳри таркибига ўтказилмоқда.

Ушбу шаҳарлар ҳудуди таркибига қўшимча киритилаётган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарига қарашли 1 673 гектар ерлар вақтинча қишлоқ хўжалиги корхоналари ихтиёрида қолиши ва ушбу ерларни қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларидан бошқа мақсадлар учун ажратиш шаҳарлар бош режа лойиҳаси, босқичма-босқич Ўзбекистон амалдаги қонунчилигига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган. Туманлардан шаҳарларга ўтказилаётган аҳоли уй-жой кадастр ҳужжатлари ва пропискасини қайта расмийлаштириш талаб этилади. Кадастр ҳужжатлари ва пропискани расмийлаштиришда фуқаролардан қўшимча маблағлар талаб этилмайди.

Муҳокама этилган масала бўйича Сенат тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид