Сенатнинг эллик саккизинчи ялпи мажлисида “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун муҳокамасида қайд этилишича, креатив иқтисодиётни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича хорижий давлатларда қатор ижобий тажрибалар мавжуд.
Хусусан, Индонезияда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, Туризм ва креатив иқтисодиёт вазирлиги ташкил этилган. Умумий қиймати 1 млрд доллар бўлган 15 та стартап лойиҳалар амалга оширилиб, креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 7 фоизга етган. Россияда Креатив иқтисодиётни ривожлантириш маркази ва 20 та креатив иқтисодиёт йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлайдиган Универсал университет ташкил этилган ва Стратегик ташаббуслар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Креатив индустрияни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун имзоланган. Англияда эса 2035 йилгача инновациялар стратегияси қабул қилинган бўлиб, ҳозирда креатив индустрияларда 2,1 млн нафар киши фаолият юритиб, креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 5,8 фоизни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда креатив индустрия соҳасига оид 9 600 та корхона мавжуд бўлиб, уларда 84 минг нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 28 минг нафар ҳунарманд ушбу соҳа йўналишида фаолият юритмоқда. Бу эса мазкур соҳада ягона ҳуқуқий базани яратишни, креатив соҳаларни аниқ белгилашни ҳамда уларнинг ЯИМдаги улушини ошириш ва ҳисоблаб боришни талаб этади.
Муҳокама қилинган қонун билан республикада креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилган. Унда креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида 15 та йўналиш белгиланмоқда.
Ҳужжат билан креатив иқтисодиёт бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиш механизми, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг соҳага оид ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил этилиши, ушбу кенгаш жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органи ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Қонун асосида креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилма яратиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари, хусусан, креатив индустриялар парки ва кластерлари, рақамли платформалар, арт-резиденциялар, креатив индустрия марказлари, инновацион ускуналар ва технологиялар, рақамли дастурлар ва платформалар яратилиши ҳамда креатив индустриялар паркининг вазифалари белгиланяпти. Шу билан бирга, ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилиши назарда тутилмоқда.















