Ўзбекистон | 13:40 / 14.09.2022
8974
2 дақиқада ўқилади

Миср ва Қатарга ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақоми берилди

Тошкентда Миср ва Қатарга ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори мақоми бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

Фото: Dunyo

Бугун Тошкент шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш доирасида Миср ва Қатарга ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори мақоми бериш тўғрисидаги меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжатларни ШҲТ бош котиби Чжан Минг, Миср ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Ҳамди Санад Лоза ва Қатар ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад ал-Мурайхий имзолади. Ўзбекистон томонидан тадбирда ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов иштирок этди. 

Меморандумлар ШҲТ ва юқоридаги давлатлар ўртасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, савдо ва инвестиция, энергетика, АКТ, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар, маданият, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутади.

Ҳамкор давлат мақоми ташкилотга аъзо давлатлар таклифига биноан ШҲТ доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Меморандумлар улар имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Меморандумларни имзолаш бўйича ишлар Ўзбекистон томонидан ШҲТга раислиги доирасида ҳамда ташкилот давлат раҳбарлари кенгаши тегишли қарорларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.

Мавзуга оид