Ўзбекистон | 07:23 / 14.09.2022
9968
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятидаги туман ва шаҳарлар чегараларини ўзгартириш маъқулланди

Сенат ўттиз иккинчи ялпи мажлисида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани, Наманган шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Фото: Senat.uz

Қайд этилишича, бугунги кунда Наманган шаҳар аҳолиси 670 минг кишини ташкил этмоқда. Шаҳарда бир йилда аҳоли ўртача ўсиши 30,3 минг кишини ташкил этиши ҳисобга олинган ҳолда, 2040 йилга келиб аҳоли сони табиий равишда 1,2 млн кишига етиши кутилмоқда. Наманган шаҳри ўсиб бораётган аҳолиси эҳтиёжларини қондириш мақсадида президентнинг “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Senat.uz

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидан 472,2 гектар (шундан 276 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонини Наманган шаҳри Давлатобод тумани таркибига ўтказиш ва ўтказилган ер майдони ҳудудида “Янги Наманган шаҳарчаси” комплексини барпо этиш таклифи илгари сурилди. Шаҳарчани бунёд этиш учун айнан шу ҳудуд танланишига ҳудуд ўзига хос салқин иқлими, “Наманган” халқаро аэропортига яқинлиги, вилоятни Тошкент шаҳри билан боғловчи 4Р-112 йўли ёқасида жойлашгани ҳамда энг охирги меъморий ечимлар ёрдамида қуриладиган шаҳарча вилоят маъмурий марказига кираверишда меҳмонлар учун алоҳида кайфият бағишлаши, ҳудудда табиий газ, электр энергияси, оқова сув тармоғи ҳамда алоқа линияси каби муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжудлиги каби қатор сабаблар келтирилган.

Фото: Senat.uz

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани, Наманган шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала Сенат қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилди. Масала халқ депутатлари Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Наманган вилояти кенгашлари тегишли қарорлари билан маъқулланган.

Сенаторлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид