08:20 / 15.09.2022
23498

Ноқонуний такси ҳайдовчилари провокация уюштирмоқда – Uzbekistan Airports 

Ноқонуний таксичилар Тошкент халқаро аэропортида расмий такси ишга туширилгач, бир неча провокация уюштирди. Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева ноқонуний таксилар йўловчилар хавфсизлигига таҳдид эканлигини таъкидлади. Унинг тан олишича, «киракашлар» масаласини бир кунда ва ёлғиз ҳал қилиб бўлмайди. 

Фото: Kun.uz

Душанба куни Тошкент халқаро аэропортида ўзининг такси хизмати йўлга қўйилганидан сўнг, ноқонуний такси ҳайдовчилари бир қанча провокациялар уюштирди, деб хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати. 

12 сентябр куни такси ҳайдовчиларидан бири қўриқчини аэропортга киритмагани учун урган. 14 сентябр куни такси ҳайдовчилари аэропорт раҳбариятидан ўзларига бепул тўхташ жойи ташкил қилишни ёки фаолиятини давом эттиришлари учун олд ҳудудга киритишни талаб қилиб, расмий такси хизмати автомобиллари терминалига киришни тўсиб қўйди. 

«Аэропорт ходимлари бу масалада қатъий эди, улар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини чиқариб, такси ҳайдовчиларига нисбатан чоралар қўллаш ва аэропорт ҳудудида жамоат тартибини таъминлаш ҳақида ариза ёзишди», — дейилади хабарда. 

«Аэропортларда такси ҳайдовчилари билан боғлиқ муаммо дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд. Ҳаддан ташқари қиммат, қўпол ҳайдовчилар, аэропортда қатъиян тақиқланган газда юрадиган эски машиналар. Булар йўловчиларнинг қўлидан ушлаб, алдаб, ўзини одобсиз тутадиган «киракашлар»дир», - дея изоҳ берди Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева. 

«Биз бундай машиналарнинг учиб келиш терминали зинапоясигача ҳаракатланишига рухсат бера олмаймиз. Бу нафақат мамлакатнинг салбий имижи, балки йўловчилар хавфсизлигига таҳдиддир. Муаммонинг ягона ечими – расмий такси хизматига ўтиш – бу жаҳон амалиёти», — деди у. 

Компания раҳбарининг алоҳида таъкидлашича, аэропортдаги расмий такси шаҳардаги такси каби нархда бўлмаслигини тушуниш керак, чунки у бензинда юради, юқори сервисга эга бўлади ва фақат аэропортга хизмат кўрсатади. «Бироқ, шу билан бирга, биз йўловчиларни танлов ҳуқуқида чекламаймиз. 100 метрдан кейин сиз бошқа ҳар қандай таксига ўтиришингиз мумкин», деди у. 

«Киракашлар»га келсак, албатта, бу масала бир кунда ҳал бўлмайди. Айрим оммавий ахборот воситалари Тошкент аэропортида «киракашлар» энди йўқ, деган сарлавҳа билан хабар берди. Афсуски, улар бор ва бирмунча вақт бўлади. Лекин биз улар билан нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам охиригача курашиш ниятидамиз. Муҳими, ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари қўллаб-қувватлаши керак. Аэропортнинг ўзи бу муаммони ҳал қилолмайди», — дея қўшимча қилди бошқарув компанияси раҳбари. 

Бундан олдин, 12 сентябр куни Тошкент аэропорти ҳудудида аукцион орқали ғолиб деб топилган такси хизмати иш бошлаганди. Taxi Airport Tashkent стикерлари туширилган, юкхонага эга янги бензинли автомобиллар учиб келиш зали чиқишида туради.

Такси хизматидан фойдаланиш тартиби: йўловчилар учиб келиш залида ўрнатилган пештахта олдига келиб, манзилини айтади. Менежер тариф бўйича километрни ҳисоблаб чиқади ва тўлаш учун суммани айтади. Агар нарх йўловчига тўғри келса, у тўловни (нақд ёки банк картаси орқали) амалга оширади, манзили ва тўланган суммаси кўрсатилган квитанция билан терминалдан чиқиб, биринчи турган таксига ўтиради. Йўловчи тўғридан тўғри пештахтани четлаб ўтган ҳолда биринчи турган машинага ўтириб, такси хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Терминал олдига кириш фақат Taxi Airport Tashkent хизмати учун мумкин бўлади. Бошқа барча таксилар, шу жумладан агрегаторлар (Yandex, MyTaxi ва бошқалар) орқали ишлайдиган таксилар автотураргоҳлар олдидан йўловчиларни олиб кетиши мумкин бўлади. Йўловчи ўз ҳайдовчисини тезда топиши учун узоқдан кўринадиган катта белги ўрнатилади, бу такси ва йўловчининг учрашадиган жойи эканлигини кўрсатади.

Аэропортда хизмат кўрсатиш учун компания «Комфорт», «Бизнес», «Люкс» ва «Премиум» тарифларини жорий қилди. Мижозларни биринчи қаторда «Комфорт» тарифидаги автомобиллар кутади. Бошқа тарифлардаги автомобиллар иккинчи қаторда туради ёки йўловчи илтимосига биноан хизмат кўрсатилади.

Top