Жаҳон | 08:39 / 16.09.2022
9226
4 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари: «Украина қуролли кучларининг жасорати ҳайратланарли»

Еврокомиссия раиси Киевда Украина президенти билан қўшма матбуот анжуманида чиқиш қилди. «Украина қуролли кучларининг жасорати ҳайратланарли», деди у.

Фото: Bloomberg

Украинанинг Европа иттифоқига қўшилишига олиб келиши керак бўлган жараён «қизғин паллада». Бу ҳақда 15 сентябр, пайшанба куни Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен Киевда Украина етакчиси Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

«Тезлик, қатъият ва аниқлик билан олдинга интилаётганингиз ҳайратланарли», деди у. «Биз Украинада бизнес тузилмалари кўпроқ бўлиши, кўпроқ даромад олиши ва шу тариқа, Украинанинг ягона Европа бозорига тўсиқсиз киришини таъминлаш учун имкон қадар фаол ишлашимиз кераклигига келишиб олдик», деди фон дер Ляйен. У Киев учун тарифсиз савдо тўсиқлари ва Украинани Европа иттифоқининг эркин роуминг зонасига киритиш режалаштирилганини мисол сифатида келтирди. 

«Биз учун Украинанинг Евроиттифоқ ягона бозорига кириши масаласи долзарб, биз Европа иттифоқига аъзолик мақоми йўлида турибмиз. Ишончим комилки, бу амалга ошади ва мамлакатимизнинг энг муҳим ғалабаларидан бири бўлади», - деди Володимир Зеленский ўз навбатида. 

Украинадаги жанглар ҳақида гапирар экан, ЕК раҳбари Киевнинг яқинда амалга оширган қарши ҳужумини юқори баҳолади. «Шунингдек, сизни ҳарбий муваффақиятларингиз билан табрикламоқчиман», деди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, у жараённи ҳали мустаҳкамлаш кераклигини билади. «Аммо Украина қуролли кучларининг жасорати ҳайратланарли», деди у. 

Зеленский, ўз навбатида, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (ҲҲМ) Украинани Россия зарбаларидан ҳимоя қилишнинг устувор томони эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Киев ушбу мудофаа тизимларини етказиб бериш эҳтимоли бўйича Исроилдан ҳалигача ижобий жавоб олмаган. Володимир Зеленский, шунингдек, аввалроқ Германия ва АҚШ Киевга ваъда қилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам ҳалигача Украинага етиб келмаганини айтди. 

Урсула фон дер Ляйен Украина раҳбарини Брюссел Киевни қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашига ишонтирди. «Украиналиклар томонидан қурбонлар кўлами бўйича биз ҳеч қачон сиз билан тенглаша олмаймиз, аммо шуни айтишимиз мумкинки, сизнинг европалик дўстларингиз қанча вақт керак бўлса, шунча сиз билан бирга бўлишади», - деб ваъда берди ЕК раиси.

Фон дер Ляйен Украинага қурол етказиб бериш ҳақида гапирар экан, Европа иттифоқининг барча давлатлари бир хил ёндашувга амал қилишини айтди. Киевни ҳарбий техника билан қўллаб-қувватлаш жуда муҳим ва зарур, бу унинг учун ўзини ҳимоя қилишда керак бўлади, деди у. Украина яхши жиҳозланган бўлса, ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодир эканини исботлади, деб таъкидлади ЕК раҳбари. 

Бу - фон дер Ляйеннинг уруш бошланганидан бери Украинага учинчи ташрифи. ЕК раҳбари Зеленский билан музокаралар олиб борди ва Украина бош вазири Денис Шмигал билан гаплашди. 

Аввалроқ, 14 сентябр куни Страсбургда фон дер Ляйен Россия яқин келажакда Европа иттифоқи томонидан унга нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилинишига умид қилмаслиги кераклигини айтган эди. «Мен санкциялар узоқ давом этишига ҳеч қандай шубҳа қолдирмоқчи эмасман», деди фон дер Ляйен, Европарламент депутатлари олдида Европа иттифоқидаги вазият ҳақида нутқ билан чиқиш қилиб.

Мавзуга оид