Наманган ўзи «бедарвоза»ми ёки шунчаки қонун-қоидалар қудрат олдида ожиз?
Наманган шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди кўчасида аҳоли хонадонларига тақаб, «метан-заправка» қуриляпти. Қонунга зид бу қурилиш тепасида Намангандаги кўплаб АГТКСларнинг эгаси, вилоят ҳокимининг қудаси турган бўлиши мумкин. Одамлар ҳаёти очиқчасига хавф остига қўйилаётганига расмийлар шунинг учун ҳам жим қараб турибдими?
Kun.uz мухбирининг суриштирувларига кўра, фуқароларнинг прокуратура, шаҳар ҳокимлиги ва экология идораларига қилган мурожаатлари ҳеч қандай самара бермаган.
«Метан-заправка» эгалари «шаҳар бедарвоза» эканини кўрсатиб қўймоқчидек, қурилиш объекти олдидаги кўп йиллик манзарали дарахтларни ҳеч бир рухсатсиз кесиб ташлашган.
Санитария қоидалари ва меъёрларига зид равишда, аҳоли яшаш уйидан бор-йўғи 5 метр масофада АГТКСни ким қураётганини билиш учун ҳам анча вақтимиз кетди.
Аҳоли хавфли “қўшни” пайдо бўлаётганидан хавотирда
Дастлаб шу кўчада яшовчи фуқароларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик. «Хавфли қўшни»ли бўлаётган 20-уйда яшовчи Мухторжон Мўминов шундай дейди:
«25 йилдан бери мана шу манзилда яшаймиз. Хонадонимизда икки оила бор. Яқинда кичик ўғлимни уйлантириш тараддудидаман. Шунинг учун ҳовлимнинг этагига уй солдик. Бундан уч йил олдин қўшни ернинг эгаси Олимжон деган йигит келиб: «Ака, метан-заправка қурмоқчиман. Ҳужжатга сиз имзо чекиб бермасангиз, “пожар” рухсат бермас экан», деганида: «Мен бу ерда бола-чақам билан яшайман. Хавф остида истиқомат қилиш мумкин эмас», деб рози бўлмаган эдим.
Кейин ернинг янги эгалари келиб бировдан рухсат сўрамай, аҳоли рухсатисиз қурилишни бошлашди. Ҳайронман, қонун йўқ. Наҳотки ҳар ким хоҳлаганини қилиб кетаверса. Мен шахсан хонадонимнинг биқинида «метан-заправка» қурилишига қаршиман! »
Қўшнилардан Ҳабибулло Юсупов ва Мирзоҳид Ҳошимжонов ноқонуний қурилиш ҳамда кўп йиллик манзарали дарахтларнинг кесиб ташланиши бўйича тегишли идораларга ёзган мурожаатлари бесамар кетганини айтишди.
Шикоят тушган ҳудудга борганимизда «метан-заправка» қурилиши авжида эканига гувоҳ бўлдик. Қурувчи ва иш юритувчилар бу объект ким томонидан қурилаётганига доир саволларимизга жавоб бермай, микрофондан қочишди. Ўзини Ҳусанбой дея таништирган иш юритувчи ҳужжатлар офисда эканини айтиб, ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмади.
Орадан бироз вақт ўтиб, ўзини «метан-заправка» матбуот хизматидан дея таништирган Иброҳимжон Маматқулов келиб бизга қурилиш ва экологиядан барча меъёрий ҳужжатлар мавжудлигини ва икки кун ичида тақдим этишини билдирди.
Маматқулов шохобча «Mustahkam Oil Metan» МЧЖ томонидан қурилаётганини айтди (кейинчалик бу маълумот нотўғри экани аниқ бўлди). У «заправка»га қўшни хонадонлар билан муаммо йўқлигини даъво қилиб, ҳатто уларнинг уйлари фасади таъмирлаб берилганини таъкидлади.
Қўшни хонадонлардан бирининг соҳиби Мирзоҳид Ҳошимжонов эса улардан деворини шувоқ қилиб беришларини сўрамаганини, буни ўзларининг “заправка”си чиройли кўриниши учун қилганликларини айтмоқда.
Вилоятдагилар ҳайрон... Ва шу билан бирга жим
Биз ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Наманган вилоят ҳокимлигида бўлдик. Вилоят ҳокимлиги навбатчилари вилоят экология бошқармаси ва қурилиш мутасаддилари билан учраштиришди.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қобилжон Мираҳмедов «метан-заправка» қурилаётган ҳудуддаги манзарали дарахтларнинг кесилишига бошқарма томонидан рухсат берилмагани, бу бўйича текширув ўтказилиб, натижаларини икки кун давомида тақдим этишга ваъда берди. Лекин орадан қарийб бир ой вақт ўтса-да, ҳеч қандай маълумот тақдим қилингани йўқ.
Вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акромжон Охунов Жалолиддин Мангуберди кўчасидаги «метан-заправка» қурилишидан бехабарлигини билдирди.
Қурилиш мутасаддисининг Иброҳимжон Маматқулов тилга олган ном – «Mustahkam Oil Metan» МЧЖ билан боғлиқ объектларни қидиришга уринишлари натижа бермади. Акромжон Охунов ҳам барча маълумотларни икки куни ичида тақдим қилишини маълум қилди.
Орадан икки кун ўтиб, мутасадди ҳужжатлар тўпламини юборди. Қарангки, қурилишни бошлашига рухсат берувчи 2022 йил 23 июл кунги 49844-сонли шаҳарсозлик кенгаши хулосасида «бу қурилишдан хабарим йўқ», деган мансабдорнинг имзоси турарди.
Ҳужжатларда қурилиш «SD SERVIS CENTER» МЧЖ томонидан олиб борилаётгани акс этган. Тўпламда талаб қилинадиган меъёрий ҳужжатларнинг йиғиндиси тўла эмас ва эътирозли деталлар кўп.
Қурилиш бошқармаси ўринбосарининг ўзи тақдим этган ҳужжатлар ичида Қурилиш вазирлигига қарашли «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси»нинг 2022 йил 20 июлдаги 51193-йиғма хулосаси бўлиб, унда экологик экспертиза хулосаси йўқлиги ва бошқа бир нечта ҳужжатлар тақдим қилинмагани сабаб қурилишга тавсия этилмагани келтирилган.
Бироқ айни пайтда шаҳарсозлик кенгаши ва Давлат архитектура-қурилиш назорати (ГАСН) инспекцияси томонидан берилган ҳужжатга биноан, қурилиш ишлари давом этмоқда.
Маҳалла раиси ҳам «шерик»
Жалолиддин Мангуберди кўчасида жойлашган «Гўзал» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳиддинов қурилиш объекти атрофида аҳоли турар жойи йўқлиги ҳақида маълумот берган. Аҳоли вакиллари бизга маҳалла раиси билан суҳбатда Муҳиддинов хатосини тан олган видеолавҳани тақдим этди.
Қурилаётган «заправка» кимга тегишли?
Маҳаллий аҳоли бу «метан-заправка» Наманган вилоятидаги кўплаб АГТКСларга эгалик қилувчи, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудаси экани айтилаётган Қудратбой исмли шахсга тегишлилигини таъкидламоқда.
Жалолиддин Мангуберди кўчасидаги қурилиш бўйича ўзини «матбуот хизмати раҳбари» сифатида таништириб, изоҳ берган Иброҳимжон Маматқуловнинг бу ишга аралашгани ҳам маҳалла аҳлининг фикрларини тасдиқлаётгандек гўё. Боиси Kun.uz'нинг аввалроқ Намангандаги метан гази нархларига оид суриштирувларида айнан шу шахс – Иброҳим Маматқулов таҳририят билан боғланган, наманганлик Қудратбек Абдуллаевнинг ёрдамчиси эканини айтиб, вилоятда унинг эгалигидаги 20 дан ортиқ АГТКСлар борлигини тасдиқлаганди.
Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Мамадалиев Kun.uz сўровига жавобан вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Қудрат Абдуллаевларнинг ўзаро қуда эканини тасдиқлади. Мамадалиевнинг айтишича, қудачилик ришталари ўрнатилганига энди 1 йил бўлган, Қудрат Абдуллаев эса азалдан тадбиркорлик билан шуғулланиб келган, унинг ишбилармонлик фаолиятида вилоят ҳокимининг ўрни мавжуд эмас.
Дарҳақиқат, тақдим этилган ҳужжатларда номи келтирилган МЧЖда Қудрат Абдуллаев шахси ҳақида маълумот учрамайди. Аммо манбаларнинг тасдиқлашича, бу шахс ўзи бошқарадиган (аксарият) компанияларга расман эгалик қилмайди, ҳужжатларда номи кўринмайди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Фарҳод Мамадалиев ҳам Жалолиддин Мангуберди кўчасидаги бу қурилиш бўйича изоҳ беришни лозим топмади.
Тахмин
Гувоҳи бўлганингиздек, портлаш содир бўлиши эҳтимоли катта бўлган, алоҳида аҳамиятга эга хавфли объект аҳоли зич яшайдиган кўчанинг қоқ ўртасига, камига хонадонларга тақаб қурилмоқда.
Норматив ҳужжатга кўра, сиқилган газ тўлдириш компрессор станцияси билан турар жой мажмуалари ўртасидаги ҳимоя зонаси 50 метрдан кам бўлмаслиги шарт.
Аммо масъул идоралар барчасига кўз юмиб, қонунсизликларга жим қараб турибди. Бунга сабаб эса тахминан маълум – вилоятдаги қудратли шахслар.
Қонунлар устувор экани айтиладиган мамлакатда инсон қадри юқори турармикин ёки непотизм, қуда-андачилик ва унинг ортидан куч оладиган қудратми?
Вазиятни кузатишда давом этамиз.
Элмурод Эрматов,
Кun.uz мухбири
Мавзуга оид
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024