10:07 / 17.09.2022
9605

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” геология-қидирув, бурғилаш ишлари ва қазиб чиқарилиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Бухоро вилоятида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида углеводород захираларини ошириш, углеводородлар қазиб чиқариш геолого-техник тадбирлар доирасида қудуқларини бурғилаш, капитал таъмирлаш ва технологик объектларни ишга тушириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, уларнинг самарадорлиги ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси ҳолати бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

2022 йилда бошқармада қарийб 4,6 млрд куб метр табиий газ ва 150,0 минг тонна суюқ углевородлар қазиб олиш режалаштирилган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун, бошқармада 2022 йил давомида табиий газ қазиб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган жами 133 та геолого-техник тадбирлар амалга оширилади, бунда 6 та янги газ қудуқлари бурғилашдан ишга туширилади, 121 та мавжуд газ қудуқларида капитал таъмирлаш ва интенцификация ишлари олиб борилади ҳамда 6 та технологик объект ишга туширилиши режалаштирилган.

Дастлаб, Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ”, Учқир конидаги қудуқларда олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари фаолияти билан танишди. Ушбу конда, 30-40 йиллар аввал ишлатилган қудуқларда чуқур таҳлиллар олиб бориш натижасида қайта тиклаш орқали саноат миқёсида газ оқими олиниб, қудуқни ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

“Кулбешкак” конида амалга оширилаётган бурғилаш ишлари ҳамда табиий газ қазиб олиш ишлари билан танишилди, шу билан бирга ишчи-ходимларни яшаш шароити, ишлаш шароити ҳамда озиқ-овқат етказиб бериш масалалари билан жойида ўрганилди. Ушбу ходимлар учун янада шароитларни яхшилаш юзасидан корхона раҳбариятига топшириқлар бериб ўтилди. 

“Дояхотин” гуруҳи конларида табиий газ қазиб олишни ошириш мақсадида амалга оширилаётган “Дояхотин” конидан Газли газни қайта ишлаш заводигача диам. 1020 мм узунлиги 43 км газ қувури қурилиш ишлари билан ҳам танишилди. Бугунги кунда газ қувурида тўлиқ монтаж ишлари якунланган, синов ишлари амалга оширилган бўлиб, шарли кранлар ва “задвижка”ларни етказиб келиш ва якуний монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси томонидан ушбу газ қувурини қисқа муддатларда ишга тушириш бўйича раис ўринбосарларига, департамент ва бошқарма бошлиқларига кўрсатмалар берилди. Пудратчи ташкилот томонидан зарур қувур арматураларини етказиб беришни тезлаштириш ва монтаж ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, департамент ходимларидан ташкил топган гуруҳлар тузилиб, ҳар бир кон ва қудуқлар кесимида оптимал режимларни танлаш ишларини олиб бориш бўйича ҳам топшириқлар бериб ўтилди.  

Геолого-техник тадбирлар доирасида конларда қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишлари билан танишиш мақсадида, “Дояхотин”, “Кулбешкак”, “Учқир” ва “Ҳожиқазғон” конларида бўлиб, бурғилаш ва мукаммал таъмирлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишилди.

Куз-қиш мавсумида ҳам углеводородлар қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, яъни қудуқлар учун бурғилаш дастгоҳларини қўшимча жалб қилиш билан бурғилаш ишларини жадаллаштириш, қудуқларни капитал таъмирлаш ишларига бошқа ҳудудлардан таъмирлаш ускуналарини мобилизация қилиш билан уларнинг сонини кўпайтириш орқали геолого-техник тадбирларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича тегишли департамент бошлиқлари ва бошқарма раҳбариятига вазифалар белгилаб берилди.

Бошқарма объектлари, газ қувурлари ва завод ҳудудини қўриқлаш билан талон-торожликнинг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлашда яқиндан кўмаклашаётган Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси ходимлари билан ҳам учрашиб, уларнинг амалга ошираётган ишларида муваффақиятлар тилаб миннатдорчилик билдирилди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Газли бошқармасига ташриф давомида Газли газни қайта ишлаш заводида ҳам бўлди. Газли газни қайта ишлаш заводида 2022 йилда қарийб 4,5 млрд куб м табиий газ олтингугурт бирикмаларидан тозаланиб, “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурларига етказиб берилади. 2022 йилда заводда 60,0 минг тн суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ва аҳоли, коммунал соҳа истеъмолчилари учун етказиб бериш режалаштирилган. 

Қурилмаларнинг иш ҳолати ва амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Газни олтингугурт бирикмаларидан тозалаш қурилмалари, Газдан пропан-бутан ажратиб олиш қурилмаси иш фаолияти билан яқиндан танишилди.

Ушбу қурилмаларда газни қайта ишлаш технологик жараёнларини оптималлаштириш, суюқ углевородлар, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва газ сифатини янада яхшилаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Қурилмаларда олиб борилаётган ишларни ўрганиш давомида тегишли департаментлар, бошқарма ва завод раҳбарларига суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни янада ошириш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилиб, бу борада бошланган ишларни жадаллаштириш топшириқлари берилди.

Суюлтирилган газ сақлаш станциясида бўлиб, бу ерда суюлтирилган газни юклаш жараёнлари кўздан кечирилди ва аҳоли эҳтиёжлари учун юкланаётган суюлтирилган газни ўз вақтида юклаб беришни таъминлаш учун тегишли департамент бошлиқлари ва бошқарма раҳбариятига юклаш жараёнларини алоҳида назоратга олиш топшириғи берилди. 

Шундан сўнг раис ўринбосарлари, департамент бошлиқлари, бошқарма раҳбарияти ва мутахассислари иштирокида ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар, 2022 йилнинг ўтган 8 ой даврида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, бошқармада белгиланган режа кўрсаткичларининг бажарилиши бўйича йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Газли бошқармасида конлар кесимида газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, йилнинг ўтган даврида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари тушиб кетиши танқид қилинди. Ҳар бир кон бошлиғининг углеводородлар қазиб чиқариш бўйича режа кўрсаткичларини бажариши бўйича ҳисоботлари бирма-бир эшитилди. 

Қазиб чиқаришни кўпайтириш йўналишларида олиб борилаётган геолого-техник чора-тадбирларни жадаллаштириш, мавжуд сиқув компрессор станциялари аварияли тўхталишларни бартараф этиш билан станцияларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

“Учқир” конида ликвидация фондидаги яна қўшимча қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш билан ишлатиш фондига қайтариш орқали коннинг 16-горизонт қатламидан табиий газ қазиб олишни таъминлаш бўйича “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ раҳбариятига алоҳида топшириқ берилди.

Технология йўналишида, “Тайлоқ” конининг 1-, 2-газ йиғув жойларидан “Қумли” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига бўлган газ қувурларининг қувватини ошириш билан газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида жами 12 км узунликдаги қўшимча қувурларни қуриш ишларини жадаллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилиниб масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш давомида энг устувор вазифа қилиб, излов қидирув йўналишида ишларни ташкил этиш, Давлат геология қўмитаси билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш, Газли регионида маҳсулот базасини яратиш, келгусида истиқболли конлар очиш юзасидан ишларни ташкил этиш масаласида қаттиқ топшириқлар бериб ўтилди.

Газли регионидаги конлар ва майдонларнинг қӯшимча имкониятларини ӯрганиш бўйича олиб борилаётган геология-қидирув ишлари, жумладан 3D сейсмик ишларни жадаллаштириш, бу орқали “Учқир”, “Гарби”, “Тайлоқ” ва “Парсанкўл” конларининг янги истиқболларини аниқлаш, 2 та янги майдонларда излов-қидирув йўналишида бурғилаш ишларини олиб бориш ва 3 та қудуқни бурғилаш билан тугатиш режалари муҳокама қилинди.

“Андакли”, “Четқум” ва “Шўрқала” каби бир қатор истиқболли майдонларда бурғилаш ишларини жадаллаштириш орқали углеводородлар захираларини ўстиришни таъминлаш бўйича тегишли бошқарма ва департамент бошлиқларига вазифалар берилди.

2022 йил 9 ойлик ва йил якуни билан белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш билан газ қазиб чиқаришни ошириш, Газли заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни ошириш шунингдек газ сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларни жадаллаштириш ва тезкор ишга тушириш бўйича бошқарма раҳбарияти ва департамент бошлиқларига тегишли топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top