Жамият | 18:32 / 17.09.2022
42907
2 дақиқада ўқилади

"Халқ банки" Зомин филиали бошқарувчиси ўз ходимини отиб қўйди

"Халқ банки" Зомин филиали бошқарувчиси уйи ёнида шу филиал бўлим бошлиғини пневматик қуролдан отиб яралаган. Жабрланувчи кўкрак қафасининг чап ён қисми юза жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ижтимоий тармоқларида Жиззах вилояти Зомин туманидаги банклардан бирининг бошқарувчиси ўз ходимини отганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2022 йилнинг 16 сентябрь куни соат 22:30 ларда Зомин тумани “Тараққиёт” МФЙда яшовчи АТ “Халқ банки” Зомин филиали бошқарувчиси Н.М. яшаш хонадони олдида АТ “Халқ банки” Зомин филиалида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи, спиртли ичимлик таъсирида бўлган Н.Ж. билан ўзаро тортишиб жанжаллашган.

Оқибатда банк бошқарувчиси Н.М. тан жароҳати етказиш мақсадида спорт (тир) қуролидан бир маротаба отиб Н.Жга тан жароҳати етказган. Н.Ж. кўкрак қафасининг чап ён қисми юза жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид