08:35 / 20.09.2022
3595

Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби ўзгармоқда

Фото: Kun.uz

ДБҚнинг “Божхона қиймати декларациясини тўлдириш йўриқномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзгартириш ва қўшимчалар божхона қийматини аниқлаш усулидан келиб чиққан ҳолда декларация устунларини тўлдириш тартибини, илова қилинган ҳужжатлар рўйхати ва шартларини белгилайди. 

Божхона қийматини 1-усул бўйича аниқлашда хавф ўрта ёки юқори даражаси аниқланган ҳолларда, ҳужжатлар рўйхатини тақдим этиш талаб қилинган бўлса, эндиликда бундай хавф аниқланганда ҳужжатлар фақатгина эълон қилинган божхона қиймати мазкур усул бўйича сўнгги 90 календар кун ичида олиб кирилган божхона қийматидан паст бўлган тақдирда тақдим этилади. Ушбу давр бўйича маълумот бўлмаган тақдирда, таққослаш учун 180 календар кун ичида олиб кирилган товарлар нархидан фойдаланилиши мумкин.

Ушбу ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: жўнатувчи мамлакат божхона декларацияси; баҳоланган товарларни етказиб беришга алоқадор учинчи шахслар билан тузилган шартномалар; баҳоланаётган товарларни етказиб беришга алоқадор учинчи шахслар томонидан бериладиган тўлов ҳисобварақлари.
 
Бундай ҳужжатларни тақдим этиш иложи бўлмаса (божхона декларацияси бундан мустасно), ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига қамраб олувчи харидор ёки сотувчи ёзма тушунтиришлари қабул қилиниши мумкин.

Эндиликда 1-усул бўйича божхона қийматини аниқлашда битим тарафлари ўртасида ўзаро боғлиқлик йўқлигини тасдиқлаш учун ихтиёрий равишда тақдим этилиши мумкин бўлган қуйидаги ҳужжатлар кўрсатилади:

  • Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириш учун сотувчи билан боғлиқ бўлмаган харидорларга сотилганда бир хил ёки ўхшаш товарлар нархини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • 4- ёки 5-усуллар билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • сотувчи томонидан Ўзбекистондан ташқари бошқа мамлакатларга жўнатилган айнан бир хил товарлар тўғрисида маълумот.

2- ёки 3-усул бўйича божхона қийматини аниқлашда тузатиш киритиш лозим бўлган ҳолларда, декларацияни амалга оширувчи шахс товарни Ўзбекистон божхона ҳудудига етказиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар товарларни етказиб бериш шартлари, транспорт тури ёки географик манзилида фарқ бўлганда тақдим этилиши мумкин. 

Мисол учун: EXW ва CIP шартлари ўртасида тафовут бўлса; транспорт тури учун ҳаво транспорти ва автотранспорт ўртасида фарқ бўлса.

Маълумотлар бир-бирига тўғри келадиган ёки миқдорий жиҳатдан яқин бўлган ҳолларда, божхона органлари 2- ёки 3-усулни қўллаш учун божхона қийматини тақдим этганда мазкур ҳужжатлар тақдим этилмаслиги мумкин.

Божхона қийматини ҳисоблаш учун муқобил манбалар сифатида қуйидагилардан фойдаланиш мумкин: расман чоп этилган маълумотномалар; бюллетенлар; биржа котировкалари; ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчилар нарх-варақлари, улар ассоциациялари ёки бирлашмалари йиғма нархлар маълумотномалари; товар ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар, улар расмий рўйхатдан ўтган дилерлари ёки дистрибьюторлари маълумотлари, нархлар тўғрисидаги маълумотларни олиш давлатлараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилган мамлакатлар ваколатхоналари маълумотлари; баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилган баҳолаш ҳисоботлари; ички бозорни ўрганиш далолатномалари; нархлар конъюнктурасини холис шакллантирадиган умумий фойдаланиладиган нархлар тўғрисида маълумотлар бошқа ишончли манбалари.

Божхона кодексига мувофиқ олиб кириладиган товар божхона қийматини аниқлаш қуйидаги олтита усулни қўллаш орқали амалга оширилади: олиб кириладиган товарга доир битим қиймати бўйича – I усул; айнан бир хил товарга доир битим қиймати бўйича – II усул; ўхшаш товарга доир битим қиймати бўйича – III усул; қийматларни чегириб ташлаш асосида – IV усул; қийматларни қўшиш асосида – V усул; захира усул – VI усул.

Top