Март ойидаги Эрон ҳужумларидан сўнг Фужайрада ёнаётган нефт объектлари / Фото: Associated Press

Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари охирги ҳафталарда араб қўшниларидан норозилигини очиқчасига билдириб, уларнинг Эронга нисбатан заиф позициясидан шикоят қилиб келаётганди. Таҳлилчилар эса расмий Абу-Даби ушбу норозилигини саммитда қандай намойиш этаркан, деб кутди.

Шундай вазиятда – 28 апрел куни БАА нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар картели — OPEC’дан чиқишини эълон қилди. 1 майдан эътиборан БАА глобал энергия нархларига таъсир ўтказувчи ушбу ташкилотнинг аъзоси эмас. Амирликларнинг бу қарори – Саудия Арабистони Форс кўрфази араб давлатлари раҳбарларининг саммитига мезбонлик қилаётган вақтга тўғри келди. Хусусан, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон йиғилишни бошлаши билан, унинг қўшниси «бомба» хабарни тарқатди.

Бироқ OPEC’нинг де-факто етакчиси Саудия Арабистони экани минтақада ҳеч кимга сир эмасди. Амирлик расмийлари бу қарорни нефт қазиб олиш ҳажмини бир томонлама ошириш ва бозорнинг узоқ муддатли эҳтиёжларини қондириш истаги билан изоҳлади.

Ушбу эълоннинг вақти қасддан танланганми ёки тасодифми, ҳар қандай ҳолатда ҳам у Яқин Шарқдаги сўнгги тектоник ўзгаришларнинг кучли рамзи бўлди, деб ёзмоқда New York Times. Бу жараёнлар уруш даврида яна ҳам тезлашган. OPEC’дан узоқлашиш орқали Амирликлар ҳукумати ўз манфаатлари йўлида кескин қадамлар ташлашга тайёрлигини, анъанавий иттифоқлар ва қолиплар билан чекланиб қолмаслигини намойиш этди.

«Бу Амирликларнинг мустақиллик декларациясидир. Улар энди ўз манфаатларига мос келмайдиган институтлар олдида ўзларини қарздор деб ҳисобламайди», дейди Вашингтондаги Араб кўрфази давлатлари институти катта илмий ходими Кристин Диван.

«Жиловланмаган БАА»нинг пайдо бўлиши бутун дунёдаги бозорлар, иқтисодиётлар ва можаролар учун жиддий оқибатларга эга. 2 триллион доллардан ортиқ суверен бойликка эга бўлган ушбу кичик мамлакат ўз чегараларидан ташқарида ҳам катта таъсир доирасини шакллантирган.