Жаҳон | 11:27 / 20.09.2022
40888
6 дақиқада ўқилади

Эрон дронлари Украина армиясига «жиддий зарар» етказмоқда

Улар Харкив вилоятидаги техникани йўқ қиляпти ва кўпинча ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) учун кўринмас бўлиб қолмоқда.

Россия қуролли кучлари Харкив вилоятида артиллерия бўйича устунликни йўқотиб, янги тактикага ўтди – энди Украина армияси позицияларига Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз самолётлар (камикадзе дрони) ҳужум қилмоқда. Дрон зарбалари ҳали ҳам Украина қуролли кучларига жиддий зарар етказмоқда ва келажакда HIMARS тизимларига қарши самарали воситага айланиши мумкин.

Купянск яқинида уриб туширилган «Герань-2» камикадзе дрони қолдиқлари, Украина ҳукумати ҳисоблашича, бу Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136 аппаратининг ўзгинасидир.
The Strategic Communications Directorate of the Ukrainian Armed Forces / Reuters / Scanpix / LETA

Артиллерия ўрнига «Герань»

Россия армияси Украина қуролли кучларига Эрон дронлари ёрдамида жиддий зарар етказмоқда. Бу Россия томонидан Украинада кенг миқёсда қўлланаётган илк ҳарбий техника ҳисобланади. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашрига Украина қуролли кучларининг юқори мартабали офицерлари маълум қилган.

Украина қуролли кучларининг 92-механизациялашган бригадаси артиллерия қўмондони, полковник Родион Кулагиннинг сўзларига кўра, россияликлар Эроннинг Shahed-136 дронини қайта бўяб ва «Герань-2» номини бериб, Харкивнинг шимоли-шарқидаги тўқнашувларда оммавий равишда қўлламоқда.

Украина қуролли кучларининг асосан зирҳли техникалари ва артиллерия позициялари камикадзе дронларининг нишонлари бўлмоқда. Одатда жуфт бўлиб ҳужум қиладиган дронлар Кулагин бригадасидаги 152 мм калибрли иккита ўзиюрар гаубицани, 122 мм калибрли ўзиюрар гаубицани ва иккита зирҳли транспорт воситасини йўқ қилган.

Офицернинг сўзларига кўра, Россия қуролли кучлари ўтган ойда Shahed-136 дронини синовдан ўтказиб, Америкадан келтирилган М777 гаубицасига зарба берган эди. Шундан сўнг ушбу дронлардан фаол фойдалана бошлади. Шундай ҳужумлар пайтида дронлардан бири носозлик туфайли Украина қуролли кучлари қўлига тушди, деб қўшимча қилди Кулагин.

Эрон дронларидан фаол фойдаланишга ўтиш уруш йўналишининг ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблаяпти офицер. Украина қуролли кучларининг Харкив вилоятидаги муваффақиятли ҳужумидан сўнг, Россия қўшинлари бир неча минг квадрат километрлик улкан ҳудуддаги асосий афзаллигини – артиллериядаги устунлигини йўқотди.

HIMARS тизимига қарши қурол

Украина позицияларига ҳужум уюштиришда энг янги русумдаги Shahed ва Shahed-136 дронларидан фойдаланилган. Уларнинг бўлаклари фотосуратларини ўрганиб чиққан мустақил ҳарбий экспертлар The Wall Street Journal нашрига буни тасдиқлашган.

Red Six Solutions консалтинг компанияси асосчиси ва бош директори Скотт Криннинг сўзларига кўра, Эрон дронлари Россия учун қуролларнинг юқори технологик тизимлари, жумладан, HIMARS ракета тизимига қарши курашда қўл келиши мумкин. Аввалроқ, ушбу тизим ёрдамида украиналиклар Россия қуролли кучлари инфратузилмаларига юқори аниқликдаги зарбаларни берган эди. Экспертнинг сўзларига кўра, Shahed-136 дронларининг қўлланиши «Киевнинг тезкор режаларини шубҳасиз ўзгартиради» – фронт чизиғи жуда чўзилиб кетгани сабабли, дрон зарбаларидан ҳимояланиш «қийин» бўлади.

Shahed-136 2,5 минг километр масофага парвоз қила олади, бу эса фронт чизиғидан узоқда жойлашган нишонларга ҳужум қилиш имконини беради. Бироқ, ҳозирча Россия қуролли кучлари улардан мамлакат ичкарисидаги стратегик нишонларга зарба бериш учун фойдаланмаётганга ўхшайди, деб таъкидлади Британия мудофаа вазирлиги 14 сентябрдаги ҳисоботида. Идора маълумотларига кўра, яқинда Россия кучлари биринчи марта Эрон дронларидан фойдаланган ҳолда, йирик ҳужумни амалга оширган.

Кулагин The Wall Street Journal газетасига берган шарҳида, Shahed дронлари ўлчами кичик экани, паст баландликда учиши, шу туфайли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилиши қийинлигини таъкидлади. Полковник ғарбий иттифоқчиларни Украинани замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан фаолроқ таъминлашга ёки Россияга дронлар етказиб берилишининг олдини олишга чақирди.

Шу билан бирга, Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти ҳарбий таҳлилчиси Майкл Найтснинг фикрига кўра, Украина қуролли кучлари Shahed дронларига қаршилик кўрсатишни тезда ўзлаштириб олишади. Унинг айтишича, Украина армияси дронларнинг биринчи муваффақиятли ҳужумидан кейин тикланиб олади ва уларни уриб туширишга қодир бўлган ҲҲМ техникасига эга.

Эрон таъсирининг кучайиши

Shahed дронлари Яқин Шарқдан ташқарида биринчи марта кенг миқёсда қўлланмоқда. Исроил ва Ғарб давлатлари бир неча бор Эрон ва унинг минтақадаги иттифоқчиларини Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларидаги нишонларга, шунингдек, Суриядаги америкалик аскарларга ва ҳатто Уммон кўрфазидаги танкерларга учувчисиз учар қурилмалар орқали ҳужум қилишда айблаган.

Россиянинг Shahed дронларига қизиқиши ҳақида июл ойида АҚШ вице-президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, Россия мудофаа вазирлиги вакилларининг Эронга ташрифи чоғида бир неча юз дрон сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилган. Шу билан бирга, Эрон ТИВ мамлакатнинг Россияга учувчисиз самолётлар етказиб бериш режаси йўқлиги, чунки Теҳрон Украинадаги урушга қарши экани ҳақида баёнот берганди. Россиялик ҳарбийлар ва расмийлар бу маълумотга изоҳ бермади.

8 сентябр куни АҚШ Эроннинг Safiran Airport Services компаниясига Россияга дрон ва улар учун жиҳозлар етказиб бергани учун, шунингдек, дрон ишлаб чиқарувчи Paravar Pars, DAMA ва Baharestan Kish компанияларига қарши санкциялар жорий қилди.

Мавзуга оид