Жаҳон | 13:48
1197
3 дақиқада ўқилади

Гомелдаги идиш-товоқ заводи РФ учун ҳарбий дронлар етказиб беряпти

Беларуснинг идиш-товоқ ишлаб чиқарувчи заводи, суриштирувчилар маълумотларига кўра, санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга Хитой дронлари ва қурилмаларини етказиб беряпти. «Завод Сантэкс» орқали РФга, жумладан, ғарбда ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлар ҳам сотилади.

Фото: AP

Гомелда жойлашган идиш-товоқ ишлаб чиқарувчи «Завод Сантэкс» Россия армияси учун ҳарбий учувчисиз учиш аппаратлари бутловчи қисмларини йирик ҳажмда етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда пайшанба куни, 4 декабрда, «Киберпартизандар» номли аноним хактивистлар ҳамжамияти билан ҳамкорликда суриштирув ўтказган Беларус суриштирув маркази хабар берди.

Ўтказилган суриштирув натижасида аниқланишича, корхона Хитой дронларини, шунингдек ҳужжатларда хусусияти очиб берилмаган товарларни Россиянинг «Рустакт» компаниясига етказиб берган. «Завод Сантэкс» бу компаниядан 14 миллиард рублдан ортиқ (ҳисоб-китобга кўра — 152 миллион АҚШ долларидан кўп) маблағ олган. Украина ГУР маълумотларига кўра, «Рустакт» Россия учун FPV-дронларнинг муҳим ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлиб, улар Украинадаги урушда фаол қўлланмоқда.

Беларус суриштирув маркази таъкидлашича, ушбу компаниянинг 95 фоиз улушига Минскда туғилган, 2000-йилларда Россияга кўчиб ўтган Павел Никитин эгалик қилади. У, шунингдек, тахминан 20 га яқин компаниянинг эгаси ёки мулкдори ҳисобланади, уларнинг айримлари Россия Мудофаа вазирлиги, Россия ИИВ ва «Росгвардия» учун ишлайди. Суриштирувчилар маълумотига кўра, айнан шу Никитин Беларусдаги «Завод Сантэкс»нинг ҳам эгалари қаторида қайд этилган, 2018 йили эса заводнинг яна бир мулкдори Павел Никитиннинг эгизаги — Егор бўлган.

Беларус суриштирув маркази ёзишича, 2022–2023 йилларда Гомелдаги ушбу фабрика санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган ҳолда Хитойнинг DJI компанияси ишлаб чиқарган 309 донa дронни Россияга 2 миллион долларлик суммага сотган. Беларус суриштирувчилари ҳисоб-китобига кўра, 2022 йилдан 2025 йилгача Беларуснинг 14 компанияси Россияга 34 миллион долларлик 20 мингдан ортиқ дрон сотган.

Беларус суриштирув маркази маълумотига кўра, «Завод Сантэкс» орқали Никитин Москвага нисбатан санкциялар жорий этилгандан кейин ҳам Чехия, Италия, Полша ва АҚШдан келган ғарб бутловчи қисмларини Россияга етказиб келган.

«Рустакт» 2024 йил декабридан бери Европа Иттифоқи ва Швейцария санкциялари остида. Компания ишлаб чиқараётган ВТ-40 дронлари (шунингдек «Судоплатов» номи билан ҳам танилган) «Рубикон» махфий Россия учиш аппаратлар технологиялари марказининг асосини ташкил қилади. Шу марказга Россия қўшинларининг Курск вилоятидаги қарши ҳужумдаги, шунингдек Курск вилояти ва Покровск учун бўлган жанглардаги «муваффақиятлари» алоқадорлиги айтилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид