Жаҳон | 10:44 / 20.09.2022
2007
2 дақиқада ўқилади

Финландияда россияликларнинг мамлакатга киришини чеклаш таклиф қилинди

Финландия адлия канцлери Туомас Пеюсти миллий қонунчиликни айрим мамлакатлардан келган саёҳатчиларга чекловлар қўйиш имконияти бўйича ўрганиш таклифи билан чиқди.

Фото: AP

Финландияда россияликларнинг мамлакатга киришига чеклов миллий қонунчилик даражасида киритилиши мумкин. Тегишли таклиф билан адлия канцлери Туомас Пеюсти чиқди, деб хабар берди 19 сентябр, душанба куни Финландиянинг STT ахборот агентлиги. «Финландия миллий санкция қонунчилигини ўрганиши ва кўриб чиқиши керак, бунинг асосида мамлакатга кириш ҳам чекланиши мумкин», деди у. 

Айни пайтда, Финландия Ташқи ишлар вазирлиги россияликлар учун туристик визаларнинг тўлиқ тўхтатилиши ёки Россия фуқароларининг мамлакатга киришини бутунлай тақиқлаш Европа иттифоқи қонунчилигига зид бўлади, деган фикрда. Айни пайтда, Пеюсти маълум бир мамлакатдан келганлар учун умумий чекловларни киритиш истисно ҳолатларда мумкин, деб ҳисоблайди. 

Ҳукумат томонидан тегишли таклиф киритилса, хусусан, бу борадаги миллий қонунчиликни ўзгартириш мумкин бўлади. Шу билан бирга, Европа иттифоқи даражасидаги қарор Финландияда амалга ошириш учун энг самарали ва энг осони бўлади, деб ҳисоблайди Пеюсти. 

Россиянинг Украинага қарши уруши фонида бир қатор Ғарб давлатлари Россия фуқароларининг мамлакатга киришига чекловлар киритди. Шу тариқа, Эстония, Литва, Латвия ва Полша 19 сентябрдан бошлаб россиялик сайёҳларнинг, шу жумладан бошқа давлатлар томонидан берилган Шенген визасига эга бўлганларнинг киришига тақиқ жорий қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид