Жаҳон | 15:33 / 20.09.2022
4634
5 дақиқада ўқилади

Навалний: Маҳбусларни урушга ёллаш ҳарбий ҳаракатлар ривожини ўзгартирмайди

Маҳбусларни урушда қатнашиш учун ёллаш ҳарбий ҳаракатлар ривожини ўзгартирмайди, деб ҳисоблайди Алексей Навалний. Унга кўра, бу рус қўшинларида тартиб-интизом масалаларини ёмонлаштиради.

Фото: Picture Alliance

Владимир областидаги қаттиқ режимли колонияда жазо муддатини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Россия қамоқхоналаридаги қайси маҳбуслар Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашиш учун жалб этилиши мумкинлигини айтди. Сиёсатчининг бундай «кўнгиллилар»ни ёллаш нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикри 20 сентябр, сешанба куни Навалнийнинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинган. 

Мухолифатчининг сўзларига кўра, унга ижтимоий тармоқларда тарқалган видеонинг мазмуни айтилган. Унда Владимир Путинга яқин ҳисобланувчи, мингдан ортиқ маҳбусни жалб қилган деб кўрилаётган бизнесмен Евгений Пригожин рус қамоқхоналаридан бирининг маҳбуслари олдида шахсан нутқ сўзлаб, уларни «кўнгиллилар» сафига қўшилишга чақирган.

Навалний «қатъий режимли қамоқхона маҳбуси сифатида» бундай «кўнгиллилар»нинг ўртача портретини чизишга ҳаракат қилди. У «Ўз жонига қасд қилувчилар гуруҳи» фильмидаги каби «баъзи шафқатсиз жангарилар» урушда қатнашиш учун қамоқхоналардан жалб қилинади, деган таассуротни йўқотмоқчи бўлган.

Навалнийнинг фикрича, 90 фоиз ҳолларда урушда қатнашиш эвазига афв этиладиган «қотиллар, талончилар ва жиноятчилар» тайёр жиноятчилар эмас, балки интизомсиз ва бир қатор қарамликларга эга одамлардир. Навалний жазо ўтаётган оддий «қотил»ни «бир пайтлар маст бўлиб, қўшнисига, спиртли ичимлик ичган ошнасига ёки (кўпинча) хотинига 18 марта пичоқ тиқиб олган», «талончи»ни эса «аёлларни кириш эшигигача кузатиб борган ва у ерда уларнинг сумкасини ўғирлаб кетган алконаркота» деб таърифлади.

Мухолифатчининг сўзларига кўра, бундай ёлланган шахслар «идеал аскарлар»га уларнинг «жанговар миссияси ҳудудни: «Кампир, сенда алкогол борми?» деган савол билан айланиб чиқиш бўлсагина айланади». Ёллаш видеосидан ҳайратга тушиши керак бўлган маҳбусларнинг ўзи, уни кўргандан сўнг, эҳтимол: «Агар улар бизни урушга жалб қилишаётган бўлса, унда оддий рус армиясининг аҳволи қандай? У умуман йўқ, шундай эмасми?» деб савол беради.

«Сиз амин бўлишингиз мумкин бўлган ягона нарса шундаки, омон қолган бир неча қотиллар, талончилар ва жиноятчилар ҳеч қачон нормал ҳаётга қайтмайди. Улар талон-торож қилишда ва ўлдиришда давом этади, фақат энди ўзларига нисбатан алоҳида муносабатда бўлишни талаб қилиб: «Биз сизлар учун қон тўкдик», деб бақиради», - дея таъкидлайди Навалний. 

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари аввалроқ мамлакат бош прокурори Игор Красновга «турли, жумладан, оғир жиноятлар учун жазо муддати ўталмаган минглаб маҳбуслар» Украинадаги урушга қандай асосда юборилаётганига ойдинлик киритишни сўраб мурожаат қилган эди. 

Уларга кўра, жазо муддатини ўтамаган маҳбусни фақат учта сабабга кўра озод қилиш мумкин: президент фармони билан афв этиш, Давлат думаси томонидан эълон қилинган амнистия, шунингдек, суд қарори билан шартли равишда озод қилиш. Шу сабабли, федерал оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган урушда иштирок этиш эвазига авф ваъдаси аниқлик киритишни талаб қилади. 

Кремл Украинага қарши урушда қатнашиш учун «кўнгиллилар» деб аталувчи шахсларни ёллашга катта эътибор қаратмоқда, улар орасида ёлланма аскарлар, маҳбуслар ва ҳатто казаклар бўлинмалари ҳам бор, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) душанба, 19 сентябр куни ўз ҳисоботида. Шу билан бирга, Путин олий ҳарбий қўмондонлик розилигисиз «кўнгиллилар»нинг урушда иштирок этиши бўйича қарорлар қабул қиляпти, бу эса президент ва Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштирмоқда.

Истеъфодаги россиялик зобитлар Кремл қарорларини танқид қилиб, «кўнгиллилар» ўртасида интизом йўқлигини билдирди, бу эса профессионал ҳарбий хизматчилар билан зиддиятга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, шошилинч ўқитилган бўлинмаларнинг шаклланиши рус қўшинлари қудратини оширишга унчалик таъсир қилмайди, чунки «кўнгиллилар» фронтга келгани ҳақидаги кўплаб хабарларга қарамай, Россия улар иштирокида ҳеч қандай операция ўтказа олмаяпти.

Мавзуга оид