Танқидий мақола ортидан Kun.uz мухбирига троллар ҳужуми уюштирилди
Наманган шаҳрида аҳоли хонадонларига тақаб «метан заправка» қуриляпти. Шаҳар ичида ўрнатилаётган ушбу «бомба» атрофда яшовчи фуқароларни хавотирга солмоқда. Мазкур ҳолат ҳақида суриштирув ўтказган Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов эса интернетда троллар «ҳужуми»га учради.
Kun.uz’да Наманган шаҳрининг Жалолиддин Мангуберди кўчасида аҳоли хонадонларига жуда яқин ҳудудда АГТКС қурилаётгани ҳақида суриштирув эълон қилинганди. Унда одамлар белгиланган меъёрларга амал қилинмасдан қурилаётган ушбу «заправка» ортида вилоятдаги кўплаб «метан-заправка»лар эгаси ҳисобланган Қудратбек Абдуллаев турганини таъкидлашаётгани, бу шахс вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудаси экани айтилганди.
Ҳозирча Kun.uz эълон қилган мақолага бирорта давлат ташкилоти ёки расмий шахс муносабат билдирмади. Бу жимлик аслида кўп нарсани «сўзлаётган»дек эди.
Аммо кутилганидек, норасмий «жавоб» қайтарилди: ижтимоий тармоқларда троллар фабрикаси ишга тушиб, хонадонлар ёнида АГТКС қуриш одамлар ҳаётини очиқчасига хавф остига қўйиш эканидан огоҳлантирган журналист шаънига мағзава тўкишни бошлаб юборишди. Айниқса, троллар Facebook ижтимоий тармоғида анчагина фаоллик кўрсатиб, «шовқин» кўтаришга уриниб кўришди.
Бироқ уларнинг бу ҳаракати фаол блогерлар ва журналистларнинг кескин қарши фикрларига учради.
Жумладан, блогер Дима Қаюм шундай ёзади:
«Элмурод Эрматов ҳаққоний фактлар билан иш қилади. Халқимизни қийнаётган муаммоларни қўрқмай ёритади. Президентимизнинг журналистларга қарата «Қўрқманглар, ортингизда мен борман», деган сўзларидан илҳом олиб, тун-у кун тинмайди. Жаноблар, биламан пулларинг кўп, интернетда ўнлаб троллар ёллаб, бу инсонни обрўсизлантиришга уринмоқдасизлар. Аммо бу «ўйинларинг»ни ёш бола ҳам билади. Тролларинг эса ғирт хашаки троллар. Ундан кўра фактлар билан ҳалол «ўйин» қилинглар. Фактларинг йўқми, унда жим. Йўқолсин коррупция».
Muxbir Daliyev троллар ҳужумига қарши журналист ва блогерлардан албатта «ответ» бўлишини маълум қилган:
«Элмурод Эрматовнинг Намангандаги метан газ қироли Қудратбой ҳақидаги мақоласидан сўнг наманганлик троллар ҳужумга ўтишни бошлабди. Албатта, тролларга қаердан топшириқ кетганлигини яхши биламиз. Ва, албатта, бунга журналист ва блогерларнинг жавоби бўлади. Бизда қоида шунақаки, бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун. Тонг отсин, наманганлик троллар топшириқ берган хожасини қандай қилиб ҳимоя қилишини кўрамиз».
Telegram ижтимоий тармоғидаги «Қўрқмаймиз» канали эса расмий ва норасмий бўлган матбуотга алоқадор кишиларни айни вазият юзасидан журналистик суриштирув олиб боришга чақирди:
«Суриштирув эълон қилинганидан кейин Намангандаги ҳокимлик манфаати учун ишлайдиган айрим журналист ва блогерлар Элмурод акани енгил танқид қилишди. Кейинроқ тролл профиллар ишга тушиб, очиқдан очиқ шахсиятга ўтишди.
Элмурод акани ҳимоя қилмоқчи эмасман. На Элмурод ака, на Kun.uz ҳимояга муҳтож. Элмурод аканинг қандайлигини шундоқ ҳам бутун водий билади. Шунчаки қалбимни оғритгани — ўзини ОАВ вакили деб билган наманганлик 3–4 нафар акалар қандайдир манфаат эвазига бошқа бир мустақил, нисбатан холис ОАВ вакилининг гўштини ейишидир. Бундай ҳаракатлар билан фақат орқага кетамиз. Шундай экан, аввало Kun.uz тайёрлаган видеони кўпроқ улашишни, ундан кейин расмий ва норасмий бўлган, «дух»и етган ҳар қандай матбуотга алоқадор кишилар айни вазият юзасидан журналистик суриштирув олиб боришларини сўрайман.
Бу иш шахсият масаласи эмас, вазият масаласи. Бугун пули бор, қудаси амалдор бўлган қонунбузар бир ОАВнинг оғзини ёпмоқчи бўлса, эртага бизга ҳам навбат келади».
Журналист Шуҳрат Шокиржонов троллар ва тарафкашлар томонидан Эрматовнинг материалидаги энг асосий саволга эса жавоб топилмаганини таъкидлаб, бошқа саволларни қўяди.
«Шу ерда — аҳоли турар жойлари ўртасида меъёрларда белгиланган 50 метр масофа ўрнига 5 метр қолдириб «метан заправка» қуриш мумкинми-йўқми?
Қайсидир мутасадди ўша меъёрга эътибор бермасдан, қурилишга рухсат берган бўлса Наманган вилоят прокуратураси унга чора кўрадими? Хўп, «заправка»нинг вилоят ҳокимининг қудаси Қудратбойга алоқаси йўқ экан (майли, кўндик), унда Наманган шаҳар ҳокимлиги қурилиш ишларини қонунга мувофиқ бўлмагани учун АГТКСни буздирадими-йўқми?
Меъёрга тўғри келмаса ҳам қоладиган бўлса, ўша ердаги яшовчи одамлар тадбиркордан «биз қонун қоидаларга тупурганмиз, қўлларингдан нима келди мана?» деган таънани эшитишдан бошқа яна нима манфаат топади бу АГТКСдан?
Ҳеч ким амал қилмас экан, бунақа меъёрларни қабул қилишдан маъни борми ўзи?»
Қурилиш вазирлигидан маълум қилинишича, ушбу қурилиш қонунийлиги тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида шу йил 21 сентябр куни жойида ўрганилади.
Kun.uz ихтиёридаги ҳали намойиш этилмаган видеолавҳаларда кўринишича, қурилаётган «метан заправка»нинг компрессор станцияси хонадондан 20–25 метр масофада жойлашган. Ҳолбуки, ўрнатилган меъёрларга кўра бу оралиқ масофа энг камида 50 метр бўлиши талаб этилади. Портлаш содир бўлиши эҳтимоли катта бўлган объектни бу шаклда қуриш инсонлар ҳаётини очиқчасига хавф остида қўйишдир.
Мавзуга оид
21:49 / 23.08.2023
Ботлар ким ёки нима: улар ижтимоий тармоқларда қандай иш олиб боришади?
22:52 / 14.02.2023
Пригожин «троллар фабрикаси» асосчиси эканини тан олди
11:04 / 27.04.2019
Андижонда Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги нишонланди
22:10 / 15.11.2017