Ўзбекистон | 10:52 / 22.09.2022
2099
2 дақиқада ўқилади

Миср Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилади

Миср компанияси ва Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ўртасида ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Мисрнинг Lotus Garment Group компанияси раҳбари Хусам Габрнинг Ўзбекистондаги йирик тўқимачилик  компаниялари вакиллари билан онлайн музокаралари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Бундан ташқари, Миср компанияси раҳбарининг мамлакат қатор вилоятлари мутасаддилари ва тўқимачилик корхоналари раҳбарлари билан мулоқоти уюштирилди.

Хусам Габр маълум қилишича, Lotus Garment Group компаниясига 1994 йилда асос солинган. Корхонада асосан жинси матоларидан тайёр кийимлар ишлаб чиқарилади, маҳсулотлар АҚШ ва Европа бозорларида сотилади. Компания Порт Саид ҳамда 10-Рамазон индустриал зоналарида 11 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Тўқимачилик маҳсулотларига, ип-калавага бўлган ойлик эҳтиёж 500-600 тоннани ташкил этади.  

Lotus Garment Group раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари яхши сифатга эгалиги боис уларни импорт қилиш ниятида эканини билдирди. Миср томони сўровига биноан, Ўзбекистон корхоналари ўзи томонидан ишлаб чиқараётган маҳсулот намуналарини яқин кунларда Lotus Garment Group манзилига етказишга ҳамда тегишли техник синовлар ўтказилганидан сўнг нарх-наво, экспорт ҳажми ҳамда шартлари бўйича бир тўхтамга келиб, тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни имзолашга келишиб олинди.     

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид